Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамизда 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни амалга оширилиши белгиланди. Ушбу Қарорга асосан Жиззах вилоят ҳокимининг 2021 йил 6 мартдаги 110-сонли қарори ишлаб чиқилди ҳамда чора-тадбирлар режаси белгиланди. Бинобарин, Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси”нинг устувор йўналишларидан бири — тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчилари бўлган деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари фаолияти натижалари бўйича статистик ҳисоб-китобларни ташкил этишда айрим камчиликлар мавжуд. Хусусан, ҳудудлардаги баъзи маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан қишлоқ хўжалиги фаолиятини аниқ ҳисобга олишнинг тизимли ташкил этилмаганлиги статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида рўйхатдан ўтказиш умуман амалга оширилмаган. Бу, ўз навбатида, аграр сектордаги ер майдонлари, асосий турдаги деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари таркибига таъсир кўрсатган ўзгаришлар, тармоқ кўрсаткичларининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.
Мазкур тадбир вилоятимиз ҳудудида, яхлит ва ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда, қишлоқ хўжалиги фаолиятининг турли тавсифлари тўғрисида, халқаро таққослана оладиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик методлар асосида йиғилади, бунда қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг аниқ ўлчамларини, чорва моллари ва паррандаларнинг сонини билиш орқали келгусида республикамиз ҳамда вилоятимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, маълумотларни халқаро рейтингларда тўлиқ акс эттириш имкониятини беради. Қишлоқ хўжалигида рўйхатдан ўтказишда шаклланадиган маълумотлар соҳа учун шаффоф ва холис манба ҳисобланади. Ушбу маълумотлар асосан келгусида қишлоқ хўжалигининг бир неча йиллик истиқболли кўрсаткичларини ҳаққоний ҳисоблаш учун ишончли замин ҳисобланади, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилишда муҳим омил ҳисобланади.
Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади.
Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, 2022-2024 йиллар ўз ичига олиб, бунда, энг асосий масала, рўйхатдан ўтказиш жараёнларида фаол иштирок этиш бўйича маҳаллаларда, олий таълим муассасаларида, мактабларда, қишлоқ ҳўжалиги ташкилотларида ҳамда бошқа корхона ва ташкилотларда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар тайёрлаш, рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, унинг натижаларини жамлаш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш каби тадбирларни қамраб олади.
Иккинчиси, 2024 йил асосий босқич бўлиб, бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири амалга оширилади, яъни қишлоқ хўжалиги фаолияти тўғрисидаги бирламчи маълумотлар йиғилади. Бу жараён тахминан бир ойдан ортиқ давом этади. Рўйхатдан ўтказувчи шахслар томонидан ҳудудларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, шунингдек, дала ҳовли участкалари эгалари тўғрисидаги маълумотлар улар яшайдиган хўжаликларга ташриф буюриб, респондентлар билан сўров ўтказиш орқали тўлдирилади.
Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, 2024-2026 йиллар, йиғилган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилинади ва қайта ишланади ҳамда умумлаштирилиб дастлабки ва якуний натижалар эълон қилинади. Ушбу маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади.
Рўйхатдан ўтказувчи шахслар шакллантиришда ушбу тадбирларга асосан статистика идоралари, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлган ташкилотлар ходимларини жалб қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бунда рўйхатдан ўтказувчи ваколатли орган бу Давлат статистика қўмитаси, бундан ташқари Қишлоқ хўжалиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий органлари ходимлари ҳамда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида иштирок этганларни ушбу жараёнга жалб этиш назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг якуний натижаларини олиш, расмий нашр этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, унинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш ва белгиланган тартибда давлат томонидан сақлаш учун топшириш муддати 2026 йил 1 июлга қадар белгиланган. Бу вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш талаб этилади. Чунки, вилоятимизнинг ҳар бир қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари бўйича барча маълумотларни ўзида тўлиқ мужассам этган ягона статистик маълумотлар базаси кенгайтирилади ва улар республикамиз ҳамда вилоятимизнинг келажаги учун хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасининг 2021 йил январь-июнь ойларига оид асосий кўрсаткичлари қуйдигича:
2021 йилнинг январ-июн ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизматлар)ларининг умумий ҳажми 6 859,6 млрд. сўмни ёки 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 100,8 % ни, шу жумладан деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларда кўрсатилган хизматлар 6 693,3 млрд. сўмни (100,6 %), овчилик соҳасида кўрсатилган хизматлар 0,1 млрд. сўмни (101,4 %), ўрмон хўжалигида 120,9 млрд. сўмни (101,3 %), балиқчилик хўжалигида 45,3 млрд. сўмни (120,6 %) ташкил қилди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизматлар)лари ҳажмининг ўсиши асосан деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳада кўрсатилган хизматлар ҳажмининг сезиларли даражада ортиши билан боғлиқдир.
Хусусан юқори ўсиш суръатлари Ғаллаорол (107,5 %), Янгиобод (104,9 %), Шароф Рашидов (104,8 %) ва Фориш (104,5 %) туманларида кузатилди. Шунингдек, ўз навбатида Пахтакор (88,4 %) ва Дўстлик (89,2 %) туманида паст ўсиш суръатлари кузатилди.
Вилоят статистика бошқармаси,
Қишлоқ хўжалиги ва экология статистикаси бўлими