"Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик" деган эзгу шиор остидаги байрам шодиёналари бугун Янгиобод туманида ўзгача шукуҳда бўлиб ўтди.
Байрам тадбири аввалида туман ҳокими Иброҳим Қаршибев юртдошларимизни табриклар экан, ўтган ўттиз йиллик давр миллатнинг, жамиятнинг, бутун бир мамлакатнинг, неча-неча авлодларнинг тақдирини, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган давр бўлганини, шунинг учун ҳам бу кунни муқаддас билиб, катта тантаналар билан нишонлашимизни таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, истиқлол туфайли сўнги вақтларда туманимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган ишлар ҳамда қурилиш-бунёдкорлик, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.
Байрам тадбирида пойтахдан ташриф буюрган элимиз суйган санъаткорлар ва сўз усталари, туман маданият маркази хонандалари ва истеъдодли ёш ижодкорлар, шоирлар ҳамда спортчи ёшлар иштирок этишиб, улар томонидан тақдим этилган ижод намуналари, "Бешта муҳим ташаббус" доирасидаги кўргазмали чиқишлар ҳамда қалбларда фахр-ифтихор ва шукроналик туйғуларини оширувчи куй-қўшиқлар йиғилганларга чинакам байрам кайфиятини улашди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати