Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев иштирокида Ҳавотоғ ҚФЙ, Қўшқанд қишлоғида ташкил этилган 170 ўринли "Умиджон бахтли болажонлари" нодавлат мактабгача таълим муассасасига медиа-тур ташкил этилиб, ОАВ ходимлари иштирокида бу ерда болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ушбу замонавий услубдаги маскан қурилиши 2020 йилнинг январь ойида бошланиб, шу йилнинг июль ойида фойдаланишга топширилган эди. Ўз ишининг билимдони бўлган қўли гул қурувчи усталар бу бинони қисқа фурсатда тез, соз ва сифатли этиб қайта қуриш йўлида бор куч ва имкониятларини, касб маҳоратларини ишга солишди. Бино икки қаватдан иборат. Ушбу болалар масканининг бири-биридан чиройли, кенг ва кўркам хоналари ва залларнинг деворлари, устунлар, кичкинтойларга мос тарзда чиройли расмлар билан безатилган.
Замонавий мебеллар билан жиҳозланган ётоқхоналар, ўйин майдончалари, кўркам ва файзли ошхона болажонларнинг доимий хизматида бўлади.
Мазкур мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш учун Янгиобод тумани ҳокимлигига қарашли бўлган собиқ болалар боғчаси биноси ажратиб берилган бўлиб, тадбиркор томонидан 2,6 млрд сўм маблағ ҳамда "Қишлоқ қурилиш банк" Янгиобод филиалидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 июндаги ПҚ-4752-сонли қарорига асосан 500 млн сўм банк кредити маблағи ҳисобидан эски бинода мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қайта жиҳозланди.
Мазкур 170 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасасида 25 та доимий иш ўринлари яратилиб, унга биринчи навбатда "Аёллар", "Ёшлар" ҳамда "Темир" дафтарларда бўлган ишсиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар қамраб олинди.