Лойиҳанинг мазкур илк босқичи қиймати 12 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибрендли бўлиб, бу ерда “KIА”, “Renault” вa “Lada” русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда. Бу машиналар юқори сифати, замонавий дизайни ва шинамлиги, тежамкорлиги, сервис хизматлари арзонлиги, бошқарув қулайлиги билан харидорларга маъқул келмоқда. Автомобилларга беш йиллик кафолат берилаётир. Корхонада 250 нафар мутахассис фаолият олиб бормоқда.
Лойиҳанинг 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилаётган иккинчи босқичида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Натижада, завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Шунингдек, 3 мингта янги иш ўрни яратилади.