Уй ишлари билан банд бўлганлигим сабабли давлат ташкилотида ишлаш имкониятим йўқ. Келажакда менинг пенсия таъминотим қандай бўлади?
Ушбу саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари пенсия жамғармаси Янгиобод туман бўлими бошлиғи Юлдашев Фозилжон Ҳусанович жавоб беради:
- "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддаси 4-хатбошида меҳнат стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу Қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмасликлари белгилаб қўйилган.
Ҳозирги кунда фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилган холда ҳам меҳнат стажига эга бўлишлари мумкин. Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга 70 га яқин фаолият тури билан шуғулланишга рухсат этилади. Хусусан, сентябрь ойидан ҳамширалар ҳам мустақил равишда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритиши мумкин бўлди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида 2020 йил 19 май куни ўтказилган йиғилишда таксичилик ҳам ўзини ўзи банд қиладиганлар қаторига киритилиши айтилганди.
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият турларининг тўлиқ рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.
Фаолият турларини шартли равишда соҳаларга бўлиш мумкин:
• маиший хизматлар (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқалар);
• қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш);
• саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш);
• ижтимоий хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати);
• халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда попкорн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш);
• АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш).
Ўзини ўзи банд қилган шахслар:
• иш берувчига эга бўлмайди;
• ишчи ёлламайди;
• уларга меҳнат стажи ва пенсия ҳисобланади;
• йилда бир марта БҲМнинг бир баравари миқдорида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлайди;
• даромадидан солиқ тўламайди;
• юридик шахслардан пул ўтказмаларини қабул қилиш учун банкда ҳисобрақам очиши мумкин;
• фақат рухсат этилган фаолият турлари билан шуғулланади.
Ўзини ўзи банд қилиш учун нима қилиш лозим?
Ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиш учун солиқ хизмати органларига (инспекция ёки бошқарма) мурожаат қилиш ёки Солиқ мобил иловасида масофадан туриб бепул рўйхатдан ўтиш мумкин. Жараён якунлангандан сўнг, ҚР-кодли гувоҳнома берилади, бу ўзини-ўзи банд қилиш расман рўйхатдан ўтказилганлигини билдиради.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар маълумотлари шахсий СТИРларида сақланади ва давлат пенсияси олиш хуқуқлари пайдо бўлганда ушбу маълумотлардан фойдаланиш мумкин.