Чемпионлар тўқнашуви
Олий лиганинг 2021 йилги мавсумини мамлакатимизнинг амалдаги ("Сўғдиёна-W") ва собиқ ("Бунёдкор-W") чемпионлари ўртасидаги учрашув тугатиб берди (0:1).
Ушбу баҳснинг кўнгилдагидек ёритилишини таъминлаш мақсадида ЎзПФЛ пойтахтдан бир гуруҳ журналистларни Жиззахга таклиф қилди. Ўйин ҳам шунга мос равишда анча қизғин ўтиб, мунозарали вазиятларни ҳам юзага келтирди.
Учрашув ҳакамларга аталди (?)
Ўйиндаги ягона гол "Бунёдкор" вакиласи Азиза Норбоева томонидан урилди. Шу туфайли у майдондаги асосий фигура сифатида эсланиши керак эди. Аммо ҳакамлар бригадаси бунга йўл қўймайдиган бўлди.
Гап беллушув тақдирини ўзгартириб юборувчи қўпол хатолар ҳақида кетяпти. Мезбон жамоа расмийлари 2 эпизодда (оффсайд туфайли ҳисобланмаган гол ва 67-дақиқада белгиланмаган пенальти) учрашувни бошқарган Розиябону Юсупованинг манзилига кескин эътирозларини йўллашди. Ўз навбатида рефери жиззахликлар устозини дастлаб огоҳлантирди, кейин қизил карточка билан жазолади.
Аммо, минг афсуски, такрорий лавҳалар Шерали Бобоқуловнинг эътирозларида жон борлигини тасдиқлагандек кўриняпти. Ҳакамнинг хатолари "Сўғдиёна"нинг тоза голини йўқ қилиб, қўшимчасига яна битта потенциал гол (пенальти)дан маҳрум қилгандек...
Ҳамма хурсанд бўлди
Ҳа, Розиябону Юсупованинг якуний ҳуштаги чалинганидан кейин барчада байрам кайфияти пайдо бўлди. Элмира Гулямова бошчилигидаги "Бунёдкор" асосий рақибдан тортиб олинган 3 очкони нишонлаган бўлса, Шерали Бобоқулов шогирдлари олтин медалларни қутлашди.
Тақдирлаш маросимида "Бунёдкор-W" қизларига чемпионатнинг кумуш медаллари топширилди.