Ҳурматли ЯНГИОБОДЛИКЛАР!
Азал-азалдан халқимиз Боғ яратиш кўчат экиб уни ўз фарзандидек авайлаб асраб вояга етказиш улуғ савоб иш деб билишган ва уни қадрлаб келишган. Маҳаллаларимизнинг файзи ва кўрки, кўчаларимиз озодалиги, ҳавомиз мусаффолиги дарахтлар билан чамбарчас боғлиқ.
Мухтарам юртбошимиз томонидан илгари сурилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ушбу муаммоларни оқилона ҳал этишда, глобал экологик муаммоларнинг олдини олишда муҳим ташаббус бўлиб, шу билан биргаликда, она Ватанимизни, шаҳар ва қишлоқларимизни, кенг кўчаларимизни яшил майдонларга айлантириш, гўзал боғ-роғлар барпо этишдек улуғ савобга эга бўлиш имконини беради.
Юртимиз бўйлаб ана шу улуғ мақсадларни кўзлаб, жорий йилнинг 2-ноябридан 10-декабригача кўчат экиш “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига яқиндан кўмаклашиш орқали халқимизга хос эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ёшлар қалбига сингдиришда барчамиз бир тану бир жон бўлиб, меҳнат қилишда, сектор раҳбарлари, "ҳоким ёрдамчи"лари, маҳалла раислари ва шахсан ўзим бошчилигимда туманимиздаги барча жараёнларни уюшқоқликда Сиз азизлар билан биргаликда самарали ташкил этишга ваъда бераман.
Шу муносабат билан туманимизнинг азиз фуқаролари, фермерлар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар мазкур “40 кунлик”да фаол иштирок этиб, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб томорқада бўш турган ерларга, фермер ва деҳқон хўжаликлари дала четларига, корхона ва ташкилот ҳудудларида, таълим муассасалари ҳудудларида, маҳалла ва кўчаларимизга ҳар биримиз 40 тупдан кўчат экиб, бу ташаббусни фақатгина кўчат экиш билан чекланиб қолмасдан, балки уларнинг то манзарали, кўркли дарахт бўлгунча, то мева бергунча бўлган жараёнларда фаол ва жонкуярлик билан иштирок этиб, Азиз ва муҳтарам бобо-бувиларимизни, ота-оналаримизни, жажжи фарзандларимизни, келажак авлодни мусаффо ҳаводан нафас олишида ўз ҳиссамизни қўшайлик, АЗИЗ ЯНГИОБОДЛИКЛАР!
Иброҳим Қаршибоев,
Янгиобод тумани ҳокими