Янгиобод касб-ҳунар мактабида "ҚАДИМДАН ҚОЛГАН ҚАДРИЯТИМ" шиори остида "БЕҚАСАМ ТЎНЛАР КИЙИБ" мавзусида саньат фестивали, фестиваль доирасида "Миллий либослар" кўргазмаси ва "Китоблар ярмаркаси" ташкил этилди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган ушбу санъат фестивали Республика Маънавият ва маърифат маркази Янгиобод туман бўлинмаси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамда туман маданият бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда халқимизнинг ўтмишдаги маданиятини акс эттирувчи буюмлар ва либослар, миллий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда миллий либослар кўргазмалари ташкил этилди.
Шунингдек, миллий чолғучилик ва халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий ва анъанавий куй-қўшиқлар ва миллий рақс санъатидан ажойиб намуналар тингланди.
Тадбир доирасида ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, “Болага китоб беринг” шиори остида ёшларда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган китоблар ярмаркаси ташкил этилди.
Миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, маданий ва маънавий меросимихзни асраб-авайлаш ва шу асосда халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш, аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ташкил этилган санъат фестивали давомида ўнлаб янги истеъдод эгалари кашф этилди.
Тадбир сўнгида фаол иштирокчиларга ҳамкор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.