Маълумотларга кўра, юртимизда 30 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли ўртасидаги ўлим ҳолатининг 53 фоизи юрак-қон томир тизими касалликларига тўғри келади ҳамда аҳолининг 4 млнга яқинида ушбу турдаги касалликларборлиги аниқланган. Бу эса умумий аҳоли сонининг 12 фоизини ташкил этади.Шу боисдан кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматларини сифатини яхшилаш бугунги кунда долзарб бўлиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча “Юрак-қон томир касалликларини олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора тадбирлари” тўғрисидаги қарори ана шундай касалликларни барвақт аниқлаш,даволаш ва профилактикасига қаратилган.Шу ўринда, қарор биринчи навбатда, албатта инсон қадри учун йўналтирилганлигини таъкидлаш лозим.Чунки унда халқимизни қийнаб келган юрак-қон томир касалликларини даволашда,ташхис қўйишдаги муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрсатиб берилган. Хусусан, энг асосий йўналишлардан бири сифатида юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш,бу турдаги касалликларни эрта аниқлаш,уларни самарали даволаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламини бепул дори воситалари билан таъминлаш,ўткир коронар синдром аниқланган беморларга давлат ҳисобидан юқори технологик бепултиббий хизматни йўлга қўйиш, бу соҳада кадрлар тайёрлаш, салоҳиятини ошириш ва тизимни тўла рақамлаштириш кўзда тутилган.
Қарорга биноан 2022 йилдан бошлаб 40 ёшгача бўлган аҳолини йилига бир марта саломатлик профили баҳоланади.40 ёшдан ошган аҳоли бирламчи бўғинда йилига бир марта манзилли скрининг текширувлардан ўтади. Юрак-қон томир касалликлари бўлган 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳоли қатлами эналаприл дори воситаси билан бепул таъминланади.Бунинг учун 2022-2024 йилларда 12 млрд сўм маблағ ажратилади.
Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, 40 ёшдан ошган аҳолида юрак-қон томир касалликлари жуда кўп учрайди.Манзилли скрининг ўтказиш натижасида касаллик тарқалганлик даражаси ўрганилади, юрак-қон томир касаллигига мойиллик аниқланса, касаллик даражасига қараб тегишли тиббиёт муассасасига даволашга йўналтирилади.
Жорий йил якунига қадар туман,шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида юқумли бўлмаган касалликлар,жумладан юрак-қон томир касалликлари ва уларнинг асоратлари профилактикаси, ўз касаллигини доимий назорат қилиб бориш кўникмасини шакллантириб боришга ўргатувчи профилактика мактаблари фаолияти йўлга қўйилади.Бунда тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи хоналари ташкил этилиб,беморлар 35 турдаги тарқатма материаллар билан таъминланади.Профилактика мактабларининг асосий мақсади юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларни ўзини ўзи назорат қилиш кўникмаларини ошириш,яъни қон босими,пульс ўлчаш, оёқларда шиш бор-йўқлигини аниқлаш,ичилган сув назорати ўргатилади,қўлланиладиган дори воситалари хусусида тушунчалар берилади.
Шу ўринда таъкидлаш керак, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи хоналарини ташкил этишдан мақсад,беморларнинг ҳаёт сифати ва касаллик кечишини енгиллаштириш,яъни фақат тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиб,дори воситаларини қабул қилишни 25-30 фоизга камайтириш мумкин.
Туман,шаҳар тиббиёт бирлашмалари лабораторияларини коагулометр ускунаси ҳамда зарур реактивлар билан таъминлаш ҳамда тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи хоналарини ташкил этиш учун туман ва шаҳарлар бюджетида 350 миллион сўмгача маблағ ажратиш кўзда тутилади.Шунингдек жорий йилда соғлом турмуш тарзи платформасидан фойдаланувчиларни рағбатлантириш мақсадида давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилади.
Жорий йил якунига қадар туман,шаҳар шифохоналарини 4 турдаги кардиологик ускуналар билан жиҳозлаш ҳисобига кўрсатиладиган хизматлар тури 15 тага етказилади.Республика кардиология марказининг ҳудудий филиалларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари тури босқичма-босқич 15 турдан 35 тургача оширилади. Сир эмас, ҳозирги вақтда аксарият ҳудудларда фақат ЭКГ аппарати мавжуд,бу ҳолат касалликни барвақт аниқлаш,эрта диагностикаси, вақтида даволашда қийинчиликлар туғдирмоқда. Энди бу масала ҳам ечимини топмоқда. Қарор билан барча худудлар 4 хил кардиологик ускуна билан таъминланиши натижасида касалликни эрта аниқлашга, аниқланган касалликларни ўз вақтида даволашга ва уларни оқибатида пайдо бўладиган касаллик асоратларини олдини олишга эришилади.Шифокор ва ҳамширалар чет элда малака ошириши учун шароит яратиш орқали хориждақилинаётган оғир операцияларни ҳам Ўзбекистонда амалга ошириш имконияти туғилади.
Қисқа қилиб айтганда, қарор ижросини таъминлаш орқали юртимизда юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ эрта ўлимни олдини олиш,бу турдаги касалликларни эрта аниқлаш, ташхис қўйиш, даволаш борасида мутлақо янги давр бошланади.
Муқаддас Ўразалиева
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ва Фан, таълим, маданият
ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси