Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий етимликнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом оила қуришга масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларга маънавий-ахлоқий муносабатни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди.
Қарор билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг аниқ тартиби белгиланди.
Қарорга мувофиқ ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади. Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш «онлайн-навбат» тизими асосида амалга оширилади, бунда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди.
Эътиборлиси, халқ таълими вазирлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланиши ҳолати ҳақидаги ҳар ойда янгиланадиган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.
Бундан ташқари, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади. Бу эса уларнинг таълим олиш имкониятига алоҳида эътибор берилаётганидан даракдир.
Яна бир муҳим жиҳат, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат буджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидиялар ажратилиб, ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг нодавлат таълим ташкилотларининг хорижий тиллар, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган 2 та фан, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича курсларида ўқиш харажатлари Давлат буджети маблағлари ҳисобидан бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача миқдорда компенсация қилинади. Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.
Таъкидлаш жоиз, юртимизда сўнгги уч йилда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бу эзгу саъй-ҳаракатлар ушбу соҳа давлатимиз томонидан доимий эътиборда эканлигидан далолат беради. Мазкур ҳужжатлар ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида тарбия муассасалари ва уларда тарбияланаётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сони сезиларли даражада камайишига эришилмоқда. Энг муҳими, мамлакатимизда ушбу йўналишда янги тизим жорий қилиндики, бу меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Сардор Эрназаров,
Янгиобод тумани ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш
масалалари шўъбаси бош мутахассиси