Бугун ғазал мулкининг султони ва буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган тадбирлар Янгиобод туманиниг барча таълим муассасаларида кенг нишонланди.
Хусусан, Янгиобод туманидаги 19-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида шоир таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилиб, унда туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар вакиллари, маданият бўлими ижодкорлари, шоирлар ҳамда туман халқ таълими бўлимига қарашли барча мактаблардан ташриф буюрган ўқувчи ёшлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида туман ҳокими ўринбосари Азизбек Нишонов сўзга чиқиб, буюк бобокалонимизнинг миллатимиз учун амалга оширган буюк ишлари ҳамда Навоий ижодининг бугунги ёш авлод маънавий ҳаётидаги тутган ўрни хусусида айтиб ўтди.
Шундан сўнг тадбирда сўз олган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Б.Тошбоев Навоийнинг ҳаёти ва ижод йўлига қисқача тўхталиб, унинг туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини жаҳонга кўрсатиш босаридаги эзгу фазилатлари хусусида ҳам йиғилганларга эслатиб ўтди.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар томонидан Навоий ғазалларидан байтлар, туман маданият бўлими ижодкорлари ва хонандалар томонидан миллий куй-қўшиқлар ижро этилди.
Айниқса, Навоий образи гавдалантирилган бетакрор саҳна чиқишлари тадбир иштирокчилари қалбида илиқ таассуротлар уйғотди.