Мустақилликка эришганимиздан бошлаб, халқимизни сифатли, экологик тоза ва табиий қишлоқ хўжалик озиқ-овқат махсулотлари билан таъминлаш давлатимизнинг бош мақсади бўлганлигини гувоҳимиз.
Бугунги кунда ер юзидаги 1.5 миллиарддан зиёд аҳоли озиқ-овқат инқирози ва етишмовчилиги сабабли аранг, зўр-базўр кун кечирмоқда. Бу ҳақда БМТнинг озиқ-овқат инқирозини олдини олиш бўйича комиссиясининг маълумотлари огоҳлик учун эълон қилиниб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор қарорларига биноан мамлакатимиз аҳолисини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таьминлаш ва деҳқончилик маданиятини янада ошириш мақсадида қишлоқ хўжалигида илғор, интенсив технологияларни қўллаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Пахтачиликда, ғаллачиликда, чорвачиликда, боғдорчилик-узумчиликда, паррандачиликда, балиқчиликда, асаларичиликда, иссиқхоналарда бўлгани каби картошка ва сабзавотчиликда ҳам класстерлар ташкил қилинаётганлиги туфайли 35 миллиондан зиёд аҳолимизни дастурхонлари нозу-неьматларга тўла, бозорларимиз расталари сероб бўлмоқда. Бундай тўкинчиликни кўриб чет эллардан ташриф буюрган сайёҳлар ҳам жуда мамнун бўлмоқдалар.
Муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг таклифлари билан янги 2022-йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эьлон қилиниши Янги Ўзбекистонимизнинг бағрикенг инсонларини дилларидаги ва қалбларидаги айни муддао бўлди.
Инсон қадри учун номланган бу табаррук йилда қадри ва қадди баланд барака қўллик, тажрибали, илмли ва билимли деҳқон-фермерларимиздан, меҳр-оқибатли аҳоли томорқа ер эгаларидан Юртбошимиз таькидлаганларидек 1,5-2 баробар юқори ҳосил етиштиришдек улуғ марраларни эгаллашимиз учун астойдил меҳнат қилишимиз талаб этилади.
Бугунги кунда иккинчи нонимиз дея қадрланаётган азиз неъматлардан бўлган картошка етиштириш ва ундан янада кўп, сифатли, таркиби экологик тоза ҳосил етиштириш учун амалга ошириладиган қуйидаги илғор технологиялар ва ҳаётий тажрибалар тўғрисида тўхталамиз.
Картошкани бизнинг тоғли ҳудудларда районлаштирилган ўртанги, эртанги, кечки қуйидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат Реестрига киритилган 63 та навларидан: Эртапишар “Ягона”, “Фрико”, “Ред Скарлет”, ўртанги-эртаги “Кондор”, “Марфона”, “Диёра”, “Умид”, “Кўксарой”, “Серҳосил”, эртанги-кечки “Ақраб”, “Мондиал”, “Пикассо” ва бошқалар экиб келинмоқда.
Картошкани эртанги навини феврал ойининг иккинчи декадасини бошидан экиш мақсадга мувофиқ, чунки 9-февралда “Чилла” чиқади, “Чилла” чиққач ўсимликларда ва кўп йиллик дарахтларда, токларда суюқлик харакати бошланади, чунки 21-январда “Қантар” оққан бўлади, шундан сўнг ернинг остидан илиқ, иссиқ ҳарорат юқорига кўтарилиб ўсимлик дунёсини уйғотади, анашунинг учун ҳам тажрибали томорқа ер эгалари феврал ойидаёқ картошкани экиб, бирмунча сувни тежаш ҳисобига об-ҳавонинг ёғингарчилиги нами билан яхшигина сифатли ҳосил оладилар, бу ҳаётий ҳалқчил тажрибалардан маълум. Шунинг учун ҳам “Қантар оғди қалт этди, деҳқону-чорвадорнинг кўзи жалт этди” деб боболаримиз бежиз айтмаганлар.
Картошканинг ўртаки навлари майнинг охирги декадасидан июнь ойининг иккинчи декадасигача, кечки навлари эса июль ойининг бошидан экилиши мақсадга мувофиқ. Кечки пишар картошканинг униб чиқиб ўсиш, гуллаш даври “Саратон” (Яьни ёз “Чилла”) чиққандан кейинги даврга тўғри келади, бу пайтда бирмунча салқин тушиб (“Асат”) киради. “Асат”да тун совийди, салқинлашади. Лалмикор ҳудудда сув камчил бўлганлиги сабабли экин тез сувсизланиб қолмайди, тупроқнинг нами кетмайди.
Картошкани экиш муддатларини хар бир худуднинг, тупроқнинг таркиби, иқлим шароити географик рельефи жойлашуви, сув билан қай даражада таьминланганлиги, ҳамда кўпйиллик деҳқончилик тажрибаларига таяниб йилнинг серёғин ёки ёғиннинг камчилигига қараб мутаҳассислар, тажрибакорлар маслаҳати асосида экилса яҳши бўлади.
Картошкани ундирилган туганакларини баҳорги муддатларда экилганда ҳосил 15% оширилиб, 10-15 кун эрта пишишига имкон яратилади. Бунинг учун уруғликларни четдан келтирилганларини 15-20 кун, ўзимиздаги мавжуд уруғликларни 25-30 кун илгари ундиришга қўйилади. Уруғликлар стеллажларга, хонадаги ернинг бетига бир-икки қават қилиб 15-25 килограммлик яшикларга жойлаб, +18° +22° градус ҳароратда қўйилса 3-4 см гача яхши унади . Баҳорда экиладиган 80-100% лик уруғлик картошкаларни туганакларига қараб 3-4 бўлакка бўлиб, 5-8 см чуқурликда 1 сотих майдонга 30-35 кг 70х20 см, 70-15 см, 70х10 см схемада ҳудудни шароитига қараб экилади. Шунда 1 гектар майдонга 3-3,5 тонна уруғ экилади. Уруғ тўлиқ униб чиққунча нам картошканинг унишига етарли бўлмаса 1-2 марта суғорилади, шундан сўнг ер етилгач, яьни тупроқ “хобрез” бўлгач бегона ўтларни жадал ўсиб ривожланмаслиги учун кетмон билан чопиқ қилинади. Картошка тўлиқ униб чиққандан сўнг 20-25 кун ўтгач қатор орасини 15-16 см чуқурликда ўсимликдан 10 см ҳимоя масофаси қолдирилиб комплекс чопиқ қилинади. Картошкани туганак тўплаш пайтида, ҳар хафтада суғориш талаб этилади, сўнгра ўсув ва гулга кирган даврида камида ҳар 10 кунда бир марта суғорилади. Ҳосилни йиғиштиришга 2-3 ҳафта қолганда суғориш тўхтатилади.
Озиқлантириш бир сотих экин майдонига соф ҳолдаги 2,2 кг азот, 1,7-1,8 кг фосфор, 1-1,1 кг калий берилса сифатли ва мўл ҳосил олинади. Картошкани қуйидаги зараркунанда хашаротлари, касалликлари бегона ўтлари зарар етказмаслигини олдини олишимиз зарур албатта. Карантин зараркунандаси ҳисобланган Колорадо қўнғизи итузумдошлар оиласига мансуб бўлган картошкага энг кўп зарар келтириб, баргини, ҳатто поясининг юмшоқ қисмлирини тўлиқ ейди, натижада картошка вегетациядан, ривожланишдан, ўсишдан бутунлай тўхтайди. Бу карантин зараркунандаси бир мавсумда 3-4 марта авлодини картошка баргининг орқа қисмига, битта қўнғиз 500-700 тадан, ҳатто 2400 тагача тухум қўяди. Бу карантин зараркунанда карантин хашаротига қарши “Каратэ” 5% к.э , “Суми-альфа” 5% препаратлар 60-70 литрсувда яхшилаб арарлаштирилиб пуркалади, шунингдек механик усулда, яьни қўлда териб, тозалаш усулини хам қўлласа бўлади. Картошка куяси-итузумгулдошлар оиласига мансуб картошка, тамаки, бақлажон, помидор ва бошқа шу оилага мансуб экинларга жиддий зарар етказади. Унинг ватани Жанубий ва Марказий Америка бўлсада Осиё, Марказий Осиё, деярли картошка экадиган барча ҳудудларга тарқалган. У 3-4 авлод беради. Уни механик усулда терилса бутунлай йўқолади, ҳимиявий препаратлари билан ҳам қатьий курашилади.
Илм фан ривожланган бугунги кунда биологик кураш билан бу зараркунандаларга қарши кураш чоралари кўрилмоқда . Карантин бегона ўтлардан какра, зарпечак ҳамда ёввойи шамак, печак ўтлари ҳам картошкани ўсиб ривожланишига, ҳосилдорлигига кўп зарар келтирувчи кушандаси ҳисобланади. Бу карантин ва бегона ўтларни таг-томири билан механик усулда юлиб, тозалаб, экин майдонидан олиб чиқиб, алоҳида жойда қуритиб, ёқиб юбориш ёки овлоққа кўмиб ташлаш тавсия этилади. Миришкор деҳқонларимиз, фидоий фермерларимиз, саҳоватли аҳоли томорқа ер эгалари бўлган тумандошларимиз деҳкончилик маданиятига қатьий амал қилиб, иккинчи нонимиз бўлган картошка ҳам ризқ-рўзимиз, ҳам она заминимиз тупроғини бойитувчи ниҳоятда фойдали озиқ-овқат эканлигини албатта яхши биладилар. Картошка туганакли маданий экин бўлганлиги сабабли у тупроқни таркибини ўсимлик учун фойдали макро ва микро элементлар билан бойитиш хусусиятига эга.
Туман хокими, Ҳалқ депутатлари туман кенгаши раиси И.Б.Қаршибоевнинг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2022-йилди амалга ошириладиган тадбирлар юзасидан қилган Мурожаатларида қишлоқ хўжалик ҳодимларига, туман кенгаши депутатларига, аҳоли томорқа ер эгаларига, секторлар раҳбарларига, нуронийларга ҳам анашундай баракали картошка экинини янада кўпайтириш учун ҳар бир хонадонни томорқасида ҳам экишни қайд этдилар.
Азиз тумандошлар! “Деҳқонки уруғ сочар, демак у ризқ-рўзқ сочар!” деган бободеҳқонларимиздан бизга қолган оқилона нақлга амал қилиб, хонадонимизни, эл-юртимизни дастурхониниобод қилиб, Янги Ўзбекистонимизни инсон қадри учун бошланган “Ҳаракатлар стратегиясидан тараққиёт стратегияси сари” эришишимизга муносиб ҳиссамизни қўшайлик!
Олимжон Бегматов,
Янгиобод туман Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи,
Халқ депутатлари туман кенгаши депутати