Бугун Янгиобод тумани ҳокимлиги мажлислар залида “Пайшанба – профилактика куни” муносабати билан фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман ҳокими ўринбосарлари, ички ишлар бўлими масъуллари, профилактика инспекторлари, маҳалла тизими ходимлари ҳамда фаоллар иштирок этишди.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи подполковник Х.Исмоилов сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрьдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепсиясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 27-сон Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтди.
Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда, шу жумладан Янгиобод туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22-февралдаги “Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 86-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29-июлдаги 205-сонли қарори билан тасдиқланган “Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари”га қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Бунда оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома паспорти ишлаб чиқилиб, оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома беришга ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги деб белгиланди.
Йиғилиш давомида маърузачининг берган маълумотлари тингланиб, йиғилганлар мавзу юзасидан ўз саволларига жавоблар олдилар.
Шундан сўнг йиғилиш кун тартибида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан 2022 йилнинг биринчи ва иккинчи ойи давомида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш сўнгида фаоллар кўриб чиқилган мавзулар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.