Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни ички йўлларни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш масалалари ижроси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари бу учала вазифа ҳам инсон қадри, халқ розилиги билан боғлиқ эканини таъкидлади.
Ҳақиқатан, ички йўллар аҳволи одамларни энг кўп қийнайдиган муаммо. Яқинда “Ташаббусли бюджет” портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта таклиф ёки жами мурожаатларнинг 25 фоизи шу масалага оид бўлгани унинг долзарблигидан далолат беради.
Ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича Андижон вилоятида янги тажриба бошланган. Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер ташкил этилиб, 31 та чекка маҳалладаги 23 километр йўл цемент-бетон қопламага ўтказилган.
Асфальт ўрнига цементдан фойдаланиш орқали қурилишдан 600 миллион сўм иқтисод қилинган, 350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежалган. Энг асосийси, ушбу кластер ўзи қурган йўлларни 10 йил давомида кафолатли сақлашни зиммасига олган.
Ушбу тажриба асосида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 2 минг 300 километр цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этиш вазифаси қўйилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланади.
Йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, 1 майдан бошлаб йил якунига қадар, цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари импорти божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилинади.
Бундан ташқари, жорий йилда туман марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этиш режалаштирилган. Уларни ҳам цемент-бетондан қуриш, лойиҳалашда дренаж тизимига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Маълумки, 2 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳозирги баҳор мавсумида 125 миллион туп кўчат экиш режа қилиган эди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда ҳокимликлар шу пайтгача бажарилган ишлар бўйича ҳисобот берди.
Ҳар бир маҳалла, таълим муассасалари, ариқлар ва йўл бўйларига дарахт кўчатлари ҳамда терак қаламчалари экилиши айтилди. 5 ёшдан кам бўлмаган мевали ва манзарали дарахтларни бир текисда ўстириш бўйича Тошкент шаҳрида бошланган тажрибани бошқа шаҳарларда ҳам жорий қилиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида янги суғориш тизими ва қудуқ қазиш ишлари сифати ҳам кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш ва кўламини кенгайтиришга қаратилди. Аҳолига қулайликни ошириш бўйича навбатдаги вазифалар белгиланди.
Хусусан, шу йил 1 июлдан бошлаб 38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, мобил телефон орқали амалга оширилади. 6 турдаги лицензия олиш учун талаблар бекор қилинади. Аҳоли ва тадбиркорлар учун 8 дан ортиқ давлат хизмати бўйича электрон хабардор қилиш тизими жорий этилади. Аҳоли ва тадбиркорлардан коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинади. Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олий ўқув юртларига тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилади.
Умуман, келгуси йил якунига қадар марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони ҳозирги 172 тадан 300 тага, мобиль илова орқали 60 тадан 250 тага етказилиши белгиланди.
Ҳудудларда давлат хизматлари марказлари қуриш бўйича ҳам топшириқлар берилди.