Бугунги кунда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш жараёнида уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, ечими юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилашда мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Янгиобод туманида ҳам Давлатимиз раҳбарини томонидан белгиланган вазифалар асосида аҳоли турмушини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш, уларнинг доимий даромад манбаини яратиш, ишсизликни йўқотиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган ишларда “маҳаллабай-хонадонбай ва аҳолибай” ишлаш тизими йўлга қўйилган.
Бугун Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев туманнинг Баландчақир маҳалласидаги хонадонларда бўлиб, туман прокурори, ҳоким ўринбосари, маҳалла раиси ҳамда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ҳамроҳлигида уларнинг турмуш шароитлари, муаммо ва таклифларини ўрганди.
Хусусан, туман раҳбари маҳалладаги боқувчисини йўқотган Хидирназарова Башорат хонадонида бўлиб, унинг яшаш шароитларини кўздан кечирди ва мурожаатларига қулоқ тутди. Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммолар юзасидан хонадоннинг ўзида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, унинг битмаган иморатининг том қисмини ёпишда ёрдам бериладиган бўлди. Шунингдек, унинг олий маълумотли, ҳозирча ишсиз бўлган фарзандини ишга жойлаштириш юзасидан туман халқ таълими бўлимига топшириқ берилди. Аёлнинг ўзига эса соғлигини тиклаши учун тиббиёт муассасасига бепул йўлланма бериладиган бўлди.
Маҳаллабай ўрганишлар давомида туман ҳокими оилавий тадбиркор Мажидов Пўлат хонадонида ҳам бўлди. Унинг тадбиркорлик фаолияти ва шахсий томорқасида етиштираётган маҳсулотларини кўздан кечириб, хонадон эгалари билан суҳбатлашилди.
Унинг паррандачилик фаолияти билан шуғулланиш истаги борлиги сабабли ушбу йўналишда кредит олишда амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Маҳаллани кезиб чиқиш жараёнида намунали хонадонлар ҳам туман ҳокимининг эътиборидан четда қолмади. Ишчи гуруҳ маҳалладаги ўз шахсий томорқасидан самарали фойдаланаётган Ибрагимова Норхолой хонадонида бўлишиб, унинг ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, барчага намуна бўлаётгани туман раҳбари томонидан эътироф этилди.
Шу каби ўрганишлар туман ҳокими ва барча масъул раҳбарлар томонидан барча маҳаллаларда тизимли тартибда олиб борилмоқда.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати