Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг аҳамияти катта.
Бугун Янгиобод туманида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, уларнинг арзимас сабаблар ортидан парчаланиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилди.
Ташкил этилган яраштирув тадбирда тумани ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ш.Райимова, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ш.Аҳмедов, туман адлия бўлими бошлиғи в.в.б Ж.Абдухолиқов ҳамда маҳалла мутасаддилари иштирокида ажрим ёқасидаги 13 та оила вакиллари билан суҳбатлашилиб, уларга тушунтиришлар берилди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бир оила муросага келтирилди. Яна бешта оилага ажрашиш учун келтираётган сабаблари бир оиланинг тарқаб кетишига етарли асос эмаслиги, арзимаган сабаблар билан фарзандларини тирик етим қилмасликлари лозимлиги тўғрисида маслаҳатлар берилди.
Йиғилишда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, муаммоларнинг асосий омилларини аниқлаш ва бартараф этиш, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Келгусида ажримларга йўл қўймаслик, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинди.