Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 31 майдаги ЎРҚ–772-сонли қонунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгаришлар киритилди.
Жумладан Жиноят кодекси, 246-моддаси биринчи қисмининг диспозициясидаги “қурол ёки ўқ-дориларни” деган сўзлар “қуролни, ўқ-дориларни ёки ўқотар қуролнинг асосий қисмларини” деган сўзлар билан алмаштирилди.
247-модданинг номи ва биринчи қисмининг диспозицияси “Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш” деб номланди.
248-модда “Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи” деб номланди ҳамда ушбу модда биринчи қисми “тегишли лицензияларсиз ёки рухсатномаларсиз ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, шунингдек портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш” деб ўзгартирилди.
Юқоридаги ўзгаришлардан кўриниб турибдики, эндиликда нафақат ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаганлик учун, балки ўқотар қуролнинг асосий қисмларини ҳам қонунга хилоф равишда эгаллаш жиноий жавобгарлик келтириб чиқариши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 220-моддасида, қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомалада бўлиши қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Жумладан, ички ишлар органларининг тегишли рухсатномасига эга бўлган жисмоний шахсларнинг фуқаровий, мукофот тарзида берилган, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган қуролни ва унинг ўқ-дориларини реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш қоидаларини бузиши, -базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ҳақини тўлаб шу қуролни ва ўқ-дориларни олиб қўйишга сабаб бўлиши, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -қуролни ва ўқ-дориларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Шунингдек, хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларини хизмат қуролидан ва унинг ўқ-дориларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг мансабдор шахслари ҳамда махсус хизмат вазифаларига эга бўлган юридик шахсларнинг ходимлари томонидан бузиш, худди шунингдек қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини олиш, бериш, ҳисобга олиш, реализация қилиш, ташиш, сақлаш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш қоидаларини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларига эга бўлган юридик шахсларнинг қурол ва унинг ўқ-дорилари, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари бут сақланишини, уларнинг белгиланган тартибда берилиши-қабул қилиб олинишини ҳамда ҳисобга олинишини таъминлашга доир мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган масъул ходимлари томонидан бузиш, -базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини қабул қилиш, ҳисобга олиш ҳамда сотиш қоидаларини фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилишга доир лицензияга эга бўлган юридик шахсларнинг мансабдор шахслари томонидан бузиш, -базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ички ишлар органларининг тегишли рухсатномалари расмийлаштирилган фуқаровий ва хизмат қуролига товушсиз ўқ узиш мосламаларини ҳамда тунда кўриш мўлжаллагичларини (бундан ов қилиш учун мўлжаллагичлар мустасно) ўрнатиш, -товушсиз ўқ узиш мосламаларини ва тунда кўриш мўлжаллагичларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади
Илхом Карабаев,
жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди раиси