Қадрли матбуот фахрийлари! Ҳурматли журналистлар ва соҳа фидойилари! Азиз ёшлар!
Аввало барчангизни касб байрамингиз 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” билан вилоятимиз фаоллари ва кенг жамоатчилиги номидан самимий муборакбод этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлалигича ёритиш орқали халқимиз қалбидаги ишончни мустаҳкамлашда беқиёс хизмат қилиб, ўзининг профессионал касбини садоқат билан адо этаётган кўп сонли ижод аҳлига ўзимнинг ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасидаги вазифалар ҳар томонлама мураккаб ва масъулиятлидир. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган бугунги кунда бу масъулият янада залворли бўлиши аниқ.
Зотан, дунё саҳнасида юз бераётган воқеалар ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига, юртдошларимизнинг ҳаёти ва турмуш тарзига, энг муҳими, шаклланиб келаётган ёшларимиз тарбияси ва келажагига таъсири нуқтаи назаридан, гоҳида мураккаб вазиятлар келиб чиқаётганига қарамай уларни очиқ-ошкора акс эттириш, жараёнларни ҳаққоний ёритиш бу осон иш эмас.
Бу борада юртимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш учун Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мазмун – моҳиятини халқимиз эътиборига етказиб бераётганингиз алоҳида эътирофга сазовордир..
Қадрли дўстлар!
Дарҳақиқат, дунё жадаллик билан ўзгариб бормоқда. Барча соҳаларда ахборот олиш, уни саралаш, қайта ишлаш ва жамоатчиликка етказиш орқали таъсирчан фикрни шакллантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва зарур. Бундай мураккаб шароитда даврнинг ўзи янгидан-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Жараёнда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш баробарида ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида ўндан ортиқ меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани ҳам бу фикримни тасдиқлайди.
Жумладан, Ҳурматли Президентимизнинг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.
Бугун вилоятимизнинг барча даражадаги давлат бошқаруви, ички ишлар, прокуратура, суд органлари, мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, олий таълим, бандлик, солиқ каби йирик соҳалар, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш, коммунал хизматлар ва назорат соҳаларини бошқараётган тармоқ ташкилотларида фаолият очиқлигини таъминлаш мақсадида ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан ташкил этилди.
Қайд этиш керак, ахборот хизматлари томонидан вилоятимиздаги сиёсий-ижтимоий жараёнлар ҳақида аҳолини ҳаққоний ахборот билан таъминлаш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ташкил этилиб, ахборот тарқатиш тезлиги тобора ошиб бораяпти.
Энг муҳими, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Интернет тармоқлари, телевидение ва радио таҳририятлари билан бир қаторда босма нашрларнинг жамиятда ҳеч қачон ўз ўрнини йўқотмаслиги биз учун жуда муҳим. Бу эса кўпроқ таҳририятлар жамоаларининг ижодкорлигига, газетхонлар кўнглидаги гапларни топиб айтишига боғлиқ.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳақда гап кетганида, ҳудудий медиа майдонида давримизнинг талаб ва мезонлари, энг муҳим масалаларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш тобора етакчи ўрин эгаллаб бораяпти. Лекин афсуски, баъзан ҳали ҳам эски услубдаги ҳисобот ва баландпарвоз руҳдаги материаллар, бўлиб ўтган тадбирлар ҳақидаги расмий ахборотлар учраётганини ҳам инкор этолмаймиз.
“Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт” деган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Бу сўзлар ҳар биримизни глобал ахборот замонида ўзмақсад муддаоларимизни аниқ белгилаб, жамоатчилик олдида айтар сўзимизни қайта-қайта таҳлил қилиб олишимиз, пировардида, очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги деган тушунчаларнинг моҳиятини чуқур англаб етишимиз кераклигини кўрсатиб турибди.
Шу нуқтаи назардан бугун, телевидение бўладими ёки радио, босма ёинки интернет нашри бўлсин, ҳар бир ижодий таҳририят зиммасида ўз жамоасини чуқур билим ва касб маҳоратига эга, она тилимиз билан бирга чет тилларни ҳам яхши ўзлаштирган, ўз фуқаролик позициясига эга, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг билимдони бўлган ва нотиқлик санъатини пухта эгаллаган ёшлар билан тўлдириб бориш ҳақида ўйлаши лозим. Бинобарин, телерадио ва босма нашрлар таҳририятларида устоз-шогирд анъанасига бугунги кун талаби билан ёндашиш, олий ўқув юртларини тугаллаб келаётган ҳар бир ёшни устозга бириктириб қўйиш орқали таҳририятлардаги ижодий ишлаб чиқариш жараёнини сифат жиҳатидан ривожлантириш лозим.
Шу билан бир қаторда, ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчадан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этаётгани учун ҳам оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятни мустаҳкамлаш энг муҳим масалала ҳисобланади.
Қайд этиш керак, мазкур йўналишда вилоят телерадиокампаниясида янги студиянинг қуриб битказиш ва замонавий медиатехнологиялар асосида жиҳозлаш, “Жиззах ҳақиқати” — “Джизакская правда” газеталари ўқимишлилигини ошириш, газета чоп этишни замонавий технологиялар асосида ташкил этиш борасида катта амалий ишлар қилинди.
Лекин ҳар қандай ютуқ ва муваффақият ортида инсон меҳнати туради. Вилоятимиз оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатиб, элимиз олқишига сазовор муносиб қаламкашлар сафи ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Соҳада эришган ютуқлари туфайли халқимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлиб, давлат мукофотларига сазовор бўлган тажрибали қалам соҳиблари Абдулла Аҳмад, Сайёра Бўронова, Васил Илёсов, Бахтиёр Эшонқулов, касбига бўлган садоқати, фидойилиги билан бошқаларга ўрнак бўлаётган Абдукарим Шарипов, Тошқул Бекназаров, Илҳом Носиров, Худойберди Каримов, Асад Мустафоев, Улуғбек Даминов, Ҳаким Тилябов, Абдужалол Қаюмов каби устоз журналистларни бугун фахр билан тилга оламиз.
Ўз навбатида, ислоҳотлар жараёнини фаол ёритишда самарали меҳнат қилиб келаётган пешқадам ижодкорлар Саид Донишев, Наби Эргашев, Ўткир Холбеков, Толибжон Эргашев, Дилмурод Абдураҳимов, Акбар Холмаматов, Муқимбой Исмоилов, Фарҳод Неъматов, Акмал Бинокулов,Сайёра Мавлонова, Ҳакимжон Фозилов, Нилуфар Азизова, Латофат Муродова, Жамолиддин Нуруллаев, Шаҳзода Норқулова, Дилноза Ҳайитова, Шаҳноза Бутунбоева, Ёркин Содиқов каби журналистларнинг долзарб мавзудаги материаллари эътирофга сазовордир.
Бир сўз билан айтганда, бугун аҳолининг ахборот эҳтиёжини тўлақонли қондириш, рост сўз ва эркин фикр билан жамиятимиз тараққиётини таъминлашга хизмат қилаётган барча ижод аҳлининг заҳматли меҳнатини ҳар қанча эҳтиромга муносиб деб биламан.
Қадрли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан самимий қутлар эканман, аввало мустаҳкам тансоғлик тилайман. Оилангизни тинчлик ва фаровонлик, бағрибутунлик тарк этмасин.
Ижодий ишларингизда доим муваффақиятлар ёр бўлсин. Меҳнаткаш халқимизнинг бахту саодати, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида амалга оширилаётган барча эзгу ишларимизга Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!
Эргаш САЛИЕВ,
Жиззах вилоят ҳокими