Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июнь куни пахта ҳосилдорлигини ошириш ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тўқимачилик тармоғи ҳам хомашё, ҳам экспорт, ҳам аҳоли бандлигида улкан салоҳиятга эга. Фақат илмга асосланиб самарадорликни ошириш, жайдари айтганда, “ишнинг кўзини билиш” керак.
Шунинг учун Президентимиз ташаббуси билан бу соҳада тўлиқ кластер тизими жорий этилди. Сўнгги уч йилда пахта-тўқимачилик кластерларига 23 триллион сўмдан зиёд имтиёзли маблағлар ажратилди. Бундан ташқари, уларнинг ўзлари ҳам қарийб 7 триллион сўм хусусий инвестициялар сарфлаган.
Ушбу тизим натижасида 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди. Ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5 баробарга ошди, экспорт эса 4 баробарга ўсиб, қарийб 3 миллиард долларга етди.
Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда 100 фоиз ўзимизда қайта ишланмоқда.
Ҳажм бўйича айтганда, жами қувватлар 1 миллион 300 минг тоннага етди. Лекин 1 миллион тонна тола ишлаб чиқарилмоқда. Яъни, ҳозирнинг ўзида 300 минг тонна тола етмаяпти. Келгуси беш йилда бу эҳтиёж яна 600 минг тоннага ошиши кутилмоқда.
Ип-калавани тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш даражаси ҳам паст – 23 фоиз. Бу йилига 9 миллиард доллар даромад бой берилмоқда, дегани.
Шунингдек, бугунги кунда тўқимачилик тармоғида 400 минг киши меҳнат қилмоқда. Агар бутун тизим илм ва замонавий технологиялар асосида тўғри ташкил қилинса, иш ўринларини 1 миллионга етказиш мумкин.
Шу боис йиғилишда илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига, пахта ҳосилдорлигини ошириш, толани чуқур қайта ишлаб, соҳанинг экспортини 2 бараварга кўпайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Маълумки, бунинг учун, аввало, барқарор ва сифатли хомашё керак. Лекин уни етиштиришнинг ўзи бўлмаяпти. Олимларимиз яратган 100 центнергача ҳосил берадиган пахта навлари жойларга етказилмаяпти.
Сўнгги йилларда кундузги ва тунги ҳарорат бир хил бўлиб қолаётгани, янги турдаги ҳашаротларнинг кўпайиб бораётгани ушбу шароитга чидамли навларни кўпайтиришни тақозо қилмоқда. Ғўзани ўғитлашни ўзгартириш, гербицид ва пестицидларни ҳам тартибга солиш зарур.
Шунинг учун давлатимиз раҳбари Президент ҳузурида Инновацион ривожланиш вазири бошчилигида Пахтачилик кенгаши ташкил этиш таклифини билдирди.
Бу кенгаш ҳар йили ҳосилдор ва эртапишар навларни ҳудудлар кесимида кўпайтириш ва экишни ҳар бир кластер бўйича белгилаб беради, иқлим ва ҳарорат ўзгаришларига мос бўлган ўғитлаш схемасини ишлаб чиқади, гербицид ва пестицидлар қўллашни тартибга олади. Шунингдек, ҳашаротларга қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудудга мос агротехнологияларни ишлаб чиқади. Бунинг учун мазкур кенгаш ҳузурида илмий марказ ҳам ташкил қилинади.
Президент ҳар бир кластерда уруғчилик, тупроқ таҳлили ва биолабораториялар ҳамда уруғ тайёрлаш цехлари бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Сувни тежаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Сўнгги икки йилда юртимизда 169 минг гектар пахта майдонларида томчилаб суғориш жорий қилинган. Лекин кўп кластерлар, айниқса, фермерлар буни йўлга қўйишга қийналмоқда. Чунки харажати қиммат.
Агар соҳада эркин рақобат бўлса, илм билан ёндашилса, томчилатиб суғоришни жорий этиш харажатини гектарига 15-20 миллион сўмга тушириш мумкинлиги айтилди. Шунинг учун электрон порталга ҳамма таъминотчиларни киритиб, сув тежовчи технологиялар нархи ва хизматлар сифатини баҳолаб борадиган шаффоф тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилиши, битта туманда кўпи билан 2 та кластер ташкил этилиши белгиланди.
Йиғилишда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада тадбиркорларга кенг шароит яратиб бериш учун алоҳида индустриал зоналар ташкил қилиниши белгиланди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ушбу мажмуаларни бошқаришга чет эл компанияларини ва ишлаб чиқаришга нуфузли брендларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
– Пахтамизга бойкот бекор қилинганидан сўнг, хорижий компаниялар маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирмоқда. Агар, ҳудудларимизга брендлар олиб кирилмаса, маҳаллий маҳсулотларимиз жаҳон бозорида рақобатбардош бўлиши қийин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бўялган трикотаж мато ва газлама экспорт қилувчиларга 10 фоизгача миқдорда субсидия берилиши, чет элга тайёр маҳсулот етказиб бериш учун, буюртмага асосан, алоҳида авиарейслар йўлга қўйилиши қайд этилди. Брендлар учун зарур бўлган фурнитура ва аксессуарлар ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берилди.
Тўқимачилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш механизмлари янада кенгайтирилиши белгиланди. Жумладан, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспортчи корхоналарга айланма маблағ учун 5 миллион долларгача ресурслар табақалаштирилган тартибда ажратилади. Хорижда омборхоналарни ижарага олиш харажатларини қоплаб бериш учун чекланган майдон 100 квадрат метрдан 500 квадрат метрга оширилади. Бу мақсадлар учун Экспортни рағбатлантириш агентлигига 100 миллион доллар ажратилади.
Давлатимиз раҳбари тўқимачилик корхоналари молиявий ҳисобот бўйича халқаро стандартларга ўтиши зарурлигини таъкидлади.
– Бу дунё бозорига чиқиш, хорижий брендлар билан ишлаш ва тўғридан-тўғри кредитлар жалб қилишга замин яратади, – деди Президент.
Тўқимачилик корхоналарини хомашё билан узлуксиз таъминлаш чоралари ҳам кўрсатиб ўтилди. Пахта толаси ва ип-калавани биржага мунтазам чиқариш, улар учун тўлов тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Соҳа учун солиқ ва божхона маъмурчилиги ҳам енгиллаштирилиши, хусусан, хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш тартиби соддалаштирилиши қайд этилди.
Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки яхлит тизим асосида ишлаб, янги ўқув йилидан “дуал” таълим тизими жорий қилиниши айтилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ мутасаддилари, ҳокимлар ва тадбиркорларнинг фикрлари эшитилди.