Янгиобод туманида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан тарғибот тадбири ўтказилди.
Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев раислигида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Рисқул Сиддиқов, Нусрат Пардаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Муқаддас Ўразалиева, Халқ депутатлари Янгиобод туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида йиғилганларга кенг тушунчалар бериб, Конституциянинг барча бўлимлари, боблари ва моддаларини кенг муҳокама қилиш асносида амалга оширилаётганлиги ва буни фуқаролардан келиб тушаётган таклифлар мисолида ҳам кўришимиз мумкинлигини таъкидладилар.
Бинобарин, Конституциявий комиссия томонидан фуқароларнинг фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилган бўлиб, мазкур жараёнларда нафақат ҳуқуқшунос мутахассислар, балки кенг жамоатчилик ҳам фаол иштирок этмоқда.
Мазкур жараёнлардан кўришимиз мумкинки, фуқароларимиз юртимизда бўлаётган ислоҳотларга, кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслар.
Шунингдек, йиғилишда таъкидландики, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган бугунги ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб борилмоқда.
Бу эса Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузининг янада ортиши ва халқимиз фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилади.