Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади.
Одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Одамдан эксплуатация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий хавфли қилмишлар охир оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи “Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протокол”ни ратификация қилди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлиги конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.
Жиноят кодекси 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра одам савдоси деганда одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.
Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва ҳ.к.лар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги(сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Шахс одамни унинг эвазига ҳақ олинганидан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида квалификация қилиниши лозим.
Олиш-сотиш тариқасидаги одам савдосидан фарқли равишда, ЖК 135-моддасида назарда тутилган бошқа барча ҳоллар (ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш, қабул қилиш) да жиноий жавобгарлик юзага келишининг зарур шарти одамни эксплуатация қилишга қаратилган мақсад мавжудлиги ҳисобланади.
Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилиши керак.
Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади.
Фоҳишабозликдан фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш ва ҳ.к. мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилади.
Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
Қуллик - ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.
Эрксизлик ҳолати-шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.
Одам савдосига оид ишларни тергов қилиш ёки кўришда тергов органлари ва судлар қуйидаги тушунчаларни аниқ фарқлашлари лозим:
ёллаш деганда эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;
ташиш - шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим. Ташиш битта аҳоли пункти доирасида ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш билан боғлиқ тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин;
топшириш - одамни бошқа шахсга эксплуатация қилиш мақсадида жисмоний тарзда беришда ифодаланади;
яшириш – жабрланувчини ҳокимият вакилларидан, қариндошларидан ёки унинг тақдиридан манфаатдор бошқа шахслардан ҳар қандай жойда хуфия сақлашда ифодаланади;
қабул қилиш – одамни ўз мақсадларида эксплуатация қилиш учун эгаликка олиш (масалан, ҳадя тариқасида, вақтинча текин фойдаланиш учун ёки қарз эвазига ва ҳ.к.) ни англатади, одамни сотиб олиш ҳоллари бундан мустасно.
ЖК 135-моддаси биринчи қисми диспозициясида назарда тутилган жиноят таркиби формал бўлиб, жиноят одамни олиш-сотиш битими тузилган пайтдан ёки қонуннинг мазкур моддасида кўрсатилган бошқа қилмиш содир этилган пайтдан тугалланган ҳисобланади.
Шу билан бирга, қилмишда айрим квалификация белгилари мавжуд бўлганда жиноятни тугалланган деб топиш учун қонунда белгиланган оқибатлар (масалан, жабрланувчининг ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар) келиб чиққан бўлиши керак.
Шуни инобатга олиш лозимки, айрим ҳолларда жиноятнинг тугалланиш пайти эксплуатация тугаган (масалан, жабрланувчи қочиб кетган, жиноятга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан барҳам берилган, жабрланувчи айбдорнинг ўзи ёки бошқа шахслар томонидан озод қилинган ва ҳ.к.) вақт билан боғлиқ бўлади.
И.Карабаев,
Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судининг раиси