Мамлакатимизда мана бир неча кундирки юқори даражадаги иссиқ ҳарорат кузатилмоқда. Бундай ҳароратда иш тартибини қандай ташкил этиш лозим деган савол барчани қизиқтириши табиий. Хориж мамлакатлари қонунчилигига назар соладиган бўлсак хорижда 33 даража иссиқда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилиши нафақат ҳаво ҳарорати, балки намлик ва бошқа кўрсаткичларга ҳам боғлиқ. Шу маънода географик жойлашуви, иқлимидан келиб чиқиб ҳар бир мамлакат ишлаш учун мақбул ҳароратларни ўзи белгилайди. Хўш, мамлакатимизда аномал иссиқ кузатилганда ишчи-хизматчилар қандай имтиёзларга эга?
Ўзбекистон бош санитар шифокори тасдиқлаган ишлаб чиқариш бирлашмалари микроиқлим санитар-гигиеник меъёрларига кўра, ёпиқ биноларда амалга ошириладиган енгил жисмоний ишлар учун йилнинг совуқ ва ўтиш давридаги оптимал микроиқлим кўрсаткичлари қуйидагича бўлиши лозим:
Ҳаво ҳарорати – 20-23 даража, ҳаво нисбий намлиги – 40-60 фоиз, ҳаво ҳаракати тезлиги кўпи билан 0,2 м/сни ташкил этиши керак. Айни вақтда, ҳаво ҳарорати 19-25 даража, нисбий намлик 75 фоиздан кўп бўлмаган, ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3м/сдан ошмаслигига йўл қўйилади.
Меҳнат вазирлиги оғир иш шароитларида, ҳаво ҳароратининг мақбул меъёрлари 4-5 даража, йўл қўйиладиган меъёрлар бўйича 6 даража паст бўлиши керак эканини, йилнинг иссиқ даврида, ҳаво ҳароратига оид меъёрлар 2-3 даражага кўп бўлишига ҳам рухсат берилишини маълум қилган.
Мазкур микроиқлим меъёрларини ишлаб чиқаришдаги технологик жараён ёхуд иқтисодий жиҳатдан таъминлаш имкони бўлмаган саноат иншоотларида ишчиларнинг қизиб кетиши ёки совиб кетишига қарши чоралар кўрилиши, хусусан, ишчи атрофидаги ҳавони совитиш тизими, ҳаво души, дам олиш ва иситиш хоналари, ўта юқори ва паст ҳаво ҳароратидан ҳимоя қилувчи махсус кийим, шахсий муҳофаза анжомлари, ишдаги дам олиш вақтлари кабилар шулар жумласидан. Иссиқ уришига қарши чоралар сифатида, қурилмалар ва тўсиб турувчи қопламаларининг ташқи ҳарорати 45 даражадан ошмаслиги кераклиги таъкидланади.
Меҳнат кодексининг 219-моддасига кўра ишчи ўз саломатлиги ёки ҳаётига таҳдид солувчи ишни бажаришдан бош тортишга ҳақли.
Фикримизча, халқаро тажрибада бўлгани каби миллий қонунчилигимизда ҳам офисда ва очиқ ҳавода ишловчилар учун ўртача меъёр белгиланиши, ҳаво ҳарорати неча даражага етганда иш вақти неча соатга қисқариши аниқ белгилаб қўйилиши, қайси даражадаги иссиқда ходимлар ишга чиқмаслик ҳуқуқига эга бўлиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши лозим.
Жазирама об-ҳаво шароитида иш берувчиларнинг мажбуриятлари ҳам қонун ҳужжатларида аниқ акс эттирилиши, бунга амал қилмаганларга нисбатан жавобгарлик белгиланиши зарур.
Айнан конституцион қонун лойиҳаси муҳокамаси кетаётган бир пайтда ушбу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Касаба уюшмалари Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги билан бу масалани қайта кўриб чиқишса нур устига аъло нур бўлар эди.
Муродбек Раҳмонбердиев,
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси