Бугун Янгиобод туманидаги барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили анъанавий тарзда бошланиб, биринчи қўнироқлар янгради. Тумандаги 19 та умумтаълим мактабларига жами 563 нафар болажонлар 1-синфга қадам қўйдилар.
Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан тумандаги 1-сектор ҳудудида жойлашган 4-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тантанали тадбирда туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев ҳам иштирок этди.
Бугунги кунда 496 нафар ўқувчи таҳсил олаётган ушбу таълим муассасасига бу йил 47 нафар ўғил-қизлар 1-синфга қабул қилинди. Уларга 38 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.
Тадбирда туман ҳокими сўз олиб, барчани мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги ҳамда бошланаётган янги ўқув йили билан табриклаб, янги ўқув йили барча ўқитувчи ва ўқувчилар учун омадли ва сермазмун келишига тилак билдирди.
Шунингдек, туманимизда таълим соҳасидаги янгиликлар ва ютуқлар тўғрисида тўхталиб ўтган туман раҳбари, жорий йилда ушбу мактабнинг 31 нафар битирувчилари орасидан 15 нафари турли олий ўқув юртлари талабасига айланганини эътироф этиб ўтди.
Тадбир давомида мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган ўғил-қизларга “Президент совғаси” тантанали тарзда тарқатилди.
Тадбир ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиши билан янада кўтаринки руҳда давом этди.
Ўқув йилининг илк соатларида барча синфларда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан "Янги Ўзбенкистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида "Мустақиллик дарслари" ўтказилди.
Туман ҳокими мактабнинг 10-синф ўқувчиларига "Мустақиллик дарси"ни ўтди. "Мустақиллик дарси" давомида истиқлолимиз осонликча қўлга киритилмагани, мустақиллик йўлида халқимиз не-не синовларни енгиб ўтгани ва шунинг учун барча ёшлар аждодларга муносиб бўлиб, Ватанимиз тинчлиги ва юртимиз фаровонлигига даҳлдорликни ҳис этишлари лозимлиги тўғрисида гипириб ўтди.
Шунингдек, ўтган 31 йил давомида юртимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллагани, улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритгани, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистондаги ўзгариш ва янгиланишларни мисоллар асосида тушунтириб берди.