Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Янгиобод тумани Совот маҳалла фуқаролар йиғини биносида Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Бегматов иштирокида аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш, амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларни жамоатчиликка тушунтириш ҳамда аҳолининг мавжуд ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш юзасидан ўтказилган сайёр учрашув шаклидаги навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди. Очиқ мулоқотда Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Бегматов “Одам савдосига қарши курашиш ва ушбу иллатнинг олдини олиш чора тадбирлари” мавзусида нутқ сўзлаб, ушбу жиноят ҳақида батафсил тушунчалар бериб ўтди ҳамда аҳолини огоҳликка чақирди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 августда янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги таъкидланди.
Мазкур Қонунга кўра, одам савдоси деганда - куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилиши айтиб ўтилди. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини, тўқималарини ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишни англатиши таъкидланди.
Одам савдосига қарши курашиш соҳасида одам савдосига қарши курашишга, шу жумладан одам савдосига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, одам савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, тиббий, профилактика чора-тадбирларини, ахборотга оид чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, одам савдосини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципини таъминлаш, одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан ижтимоий ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказишга доир фаолиятни, шунингдек ушбу соҳадаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ходимларини касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолиятни ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик кабилар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилаб берилганлиги айтиб ўтилди.
Шундан сўнг, суд раиси йиғилганларнинг саволларига батафсил жавоб бериб, муаммоларни ҳал қилиш учун барчамиз масъуллигимизни, фақатгина давлат органлари томонидан масалани ҳал қилишга қаратилган ҳаракатлар амалга оширилиши эмас, балки маҳалла фуқаролари томонидан ташаббус билан чиқилиши лозимлиги, давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда барчамиз масъул эканлигимиз тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига тушунтиришлар берди.
Ш.Бегматов,
Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси