Янгиобод туман касб-ҳунар мактабида “WorldSkills” талаблари асосида “Касб маҳорати” танлови бўлиб ўтди.
Танловга иш беручи ташкилот ва корхоналар вакиллари, ота оналар ва туман халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари таклиф этилиб, истеъдодли ўқувчиларнинг эгаллаган билимларини ижодий ёндашувлар тарзидаги намойишларидан баҳраманд бўлдилар.
Танловда ўқувчилар дастлаб тест саволлари асосида беллашдилар.
Шундан сўнг касбий амалий топшириқлар асосида техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда касб ҳунар мактабида эгаллаётган мутахассисликларига оид касб маҳоратларини намойиш этишди.
Танлов давомида ўқувчиларнинг махсус кийимлар, эмблемалар ва жихозлардан тўғри фойдалана олиш ҳолатлари ҳам эътиборга олиниб, соҳа мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Ўз танлаган соҳалари бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлаётган йигит-қизларнинг қўл меҳнатлари асосида тайёрланган кўргазмалари ва касб маҳоратлари иш берувчилар, соҳалар мутахассислари ва тадбир меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.
Якунда ғолиблар ва фаол иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати