Вилоятнинг кенжа тумани саналган Янгиобод кун сайин чирой очиб бормоқда. Ҳудудда олиб борилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида Янгиобод шаҳарчаси ва унинг атрофидаги маҳаллалар инфратузилмаси ривожланиб бормоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилдаги маҳаллалар инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация объектларини барпо этиш ва шу асосида аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида қабул қилган қарорига мувофиқ республика бюджетидан тумандаги “Баландчақир” ҳамда “Ҳавотоғ” маҳаллалари учун икки миллиард сўмдан ҳар икки маҳалла учун маблағ ажратилди.
Хусусан, йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини яхшилаш бўйича Баландчақир маҳалласининг Ободлик, Баландчақир, Қурғонча ва Саховат кўчаларининг 1450 метр қисмини асфальтлаштириш шунингдек, Ҳавотоғ маҳалласининг Яккатут, Нуробод, Учтурғон ва Қўриқ кўчасининг 1470 метри ҳамда мактаб олдидаги автотураргоҳнинг 15х5 метр қисмини асфальтлаштириш, кўзда тутилган.
Шу билан бирга, ичимлик сув ва оқава сув тармоқларини қуриш, қайта қуриш ва модернизация қилиш ҳамда аҳолини узлуксиз сифатли ичимлик сув билан таъминлаш бўйича Баландчақир маҳалласига 1 та сув иншооати Саҳоват ва Боғишамол кўчасига 4,5 км сув тармоғи тортиш ҳамда Ҳавотоғ маҳалласининг Чанговул кўчасига 1 та сув иншооати билан 4 км сув тармоғи тортиш режалаштирилган.