Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 январь куни аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Сўнгги кунларда юртимизга совуқ ҳаво оқими кириб келди. Энергия ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилди. Давлатимиз раҳбари бу масалага чуқур тўхталиб, тезкор чоралар кўрилишини таъкидлади.
– Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг ҳолатини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Буни ҳар бир раҳбар ҳис қилиши керак. Бу йилги совуқ бутун тизимнинг аҳволини, қишга тайёргарлик енгил-елпи бўлганини кўрсатди. Энди бундай давом этиши мумкин эмас. Юзага келган вазиятни ўнглаш учун тезкор чоралар кўрамиз.
Йиғилишда табиий газ ва электр таъминоти, коммунал соҳадаги муаммолар танқидий таҳлил қилинди.
Масалан, Тошкент шаҳрида ўнлаб маҳаллаларда электр ва газ таъминотида узилишлар бўлган. Айрим трансформатор ва паст кучланишли тармоқлар ортиқча юкламага бардош беролмай ишдан чиққан.
Бунинг сабаби қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмаган. Рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетган.
Шу боис, вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди.
Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев қатъий огоҳлантирилди, шунингдек, республикадаги бир қатор туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилди.
Талимаржон иссиқлик станциясининг энергия блокини таъмирлаш ва электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминламагани учун энергетика вазири ўринбосари Ш.Ходжаев ва “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти раҳбари Ф.Абдураҳмонов вазифасидан озод қилинди. Шунингдек, “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари раҳбарларига интизомий жазо ва синов муддати белгиланди.
Электр ва газ тармоқларида талон-торожлик кўплиги кўрсатиб ўтилди. Охирги ойларнинг ўзида нефтгаз ва энергия назорати тизимларида 192 та коррупция ҳолатлари аниқланган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бу соҳалардаги коррупцияни йўқ қилиш, автомобилга газ қуйиш шохобчаларидаги ўғриликларга чек қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда электр ва газ тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар белгиланди.
Бош вазир ва энергетика вазирига барча имкониятларни ишга солиб, мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаб, муаммоли маҳаллаларга зудлик билан энергия етказиб бериш вазифаси қўйилди. Хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиб,
бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирига энергетика соҳаси корхоналарида ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва молиявий масалаларни ҳал қилиш бўйича топшириқ берилди.
Энергия таъминотидаги узилишларнинг сабаблари ва кўрилаётган чораларни халқимизга ўз вақтида тушунтириб бориш керак. “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга ёрдам берилади, оғир ҳолларда улар иссиқ жойларга кўчирилади.
Деҳқон бозорларида шароитларни яхшилаб, маҳсулотлар безарар сақланиши ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳам муҳимлиги таъкидланди.
Энергетика корхоналари раҳбарлари ва ҳокимларга келгусида бундай вазиятга йўл қўймаслик учун ҳозирдан аниқ чораларни белгилаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда энергетика вазири ва ҳокимлар жойларда кучайтирилган тартибда олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.