Ижтимоий тармоқларда тарқалган “ACTIVISTGA OZODLIK | JIZZAXDAGI XAYRIYADAN” номли видеоматериалда блогер Хожиакбар Носиров ва унинг “ACTIVIST” лойиҳаси аъзолари Жиззах вилояти, Янгиобод тумани, Қўриқ аҳоли яшаш пунктида кам таъминланган аҳолига кўрсатган хайрия ёрдамидан лавҳалар кўрсатилган. Видеоматериалда қишлоқда оддий шароитларнинг ҳам йўқлиги, ишсизлик мавжудлиги, ичимлик суви, истеъмол гази, интернет ва тиббий хизмат кўрсатиш пунктининг йўқлиги тўғрисида нотўғри ва бўрттирилган маълумотлар келтирилган.
Ушбу ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, Ҳавотоғ ҚФЙга қарашли Қўриқ қишлоғи туман чегараолди ҳудудда жойлашган бўлиб, ушбу ҳудудда 84 та хонадон истиқомад қилади. Видеоматериалда келтирилган ҳолатлар, айтилган камчиликлар юзасидан олиб борилган ўрганишлар, фуқаролар билан қилинган суҳбатлар давомида шу маълум бўлдики, интервю берган фуқаролар фикрларининг тўлиқ берилмагани ва уларнинг айрим қисмларигина кўрсатилганлиги сабаб нотўғри талқин келиб чиққан. Фуқароларнинг таъкидлашларича, уларнинг қишлоқдаги ўзгаришлар ва аҳоли турмуш шароитлари тобора яхшиланиб бораётгани тўғрисидаги гаплари олиб ташланган.
Албатта, лойиҳа эгаларини томонидан амалга оширилган ҳайрия тадбирини инкор этиб бўлмайди. Лекин видео давомида бир нечта хато ва текширилмаган маълумотлар ўрин олган.
Қўриқ қишлоғида аҳоли учун тиббий хизмат сифатли ташкил этилган. Фуқаролар билан гаплашилганда “Тез ёрдам” юзасидан ҳам ҳеч бир муаммо мавжуд эмаслиги таъкидланди. Видеоматериалда тиббий хизмат кўрсатиш пунктининг йўқлиги тўғрисида ҳам нотўғри маълумот берилган. Қўриқ қишлоғининг “Маҳалла тиббиёт пункти” ташкил этилган бўлиб, зарурий тиббий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Бундан ташқари, қишлоқ аҳолиси учун қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида бир нечта лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, қатор иш ўринлари яратилган. Ичимлик суви муаммоси мавжуд эмас. Ҳудудга табиий газ тармоғи етиб бормаган бўлсада, лекин аҳоли суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминланмоқда.
Шу ўринда оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан нохолис маълумотларни тарқатмасликларини, фуқароларимиздан эса бу каби ҳар хил асоссиз, раҳбарларни обрўсизлантиришга қаратилган материалларга чалғимасликларини сўраб қоламиз.