Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни қонунга хилоф равишда етиштириш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 270-моддаси билан жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Жиноят кодекси 270-моддаси биринчи қисмига кўра тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:а) илгари гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;в) ўртача катталикдаги экин майдонида содир этилган бўлса, —базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:а) ўта хавфли рецидивист томонидан;б) уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб;в) катта экин майдонида содир этилган бўлса, —беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни қонунга хилоф равишда етиштириш деганда, қонунчиликни бузган ҳолда бундай ўсимликларни экиш ва етиштириш учун махсус шароит яратиш, шунингдек, уларни экиш ва етиштириш, етиштириш технологиясини такомиллаштириш, янги навларини яратиш, ҳосилдорлигини ва мавжуд иқлим шароитига чидамлилигини ошириш фаолиятини тушуниш лозим.
Етиштирилиши тақиқланган экин экиш деганда, бундай экинлар уруғини тегишли рухсатсиз ҳар қандай ер майдонига, шу жумладан, бўш ётган ерларга ёки мослаштирилган идишларга уруғини сепиш ёки кўчатини ўтқазиш тушунилиши лозим. Ушбу жиноят ўсимлик униб чиққан-чиқмаганлиги ёки ўсган-ўсмаганлигидан қатъи назар, экин экилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Айбдорнинг ҳаракатлари экин майдони ўлчамидан келиб чиққан ҳолда ЖК 270-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилинади, бунда қилмишни ушбу модданинг биринчи қисми билан квалификация қилиш учун экин майдонининг ўлчами 250 квадрат метрдан кам бўлиши керак.
Тақиқланган экинларни етиштириш деганда, униб чиққан ёки ўтқазилган кўчатларни уларнинг пишиш босқичигача бўлган давр ичида парвариш қилишни тушуниш керак. Агар шахс етиштирилиши тақиқланган экинни турли майдонларда ўстираётган бўлса, қилмишни квалификация қилишда амалда экилган умумий майдонлар ўлчамидан келиб чиқиш лозим.
Агар етиштирилиши тақиқланган экинларни экиш ёки етиштириш келгусида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ёки кўзламай тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, шунингдек, ўтказиш (сотиш) билан боғлиқ бўлса, бундай ҳаракатлар ЖК 270-моддаси ва ЖК тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация қилиниши керак.
Илхом Карабаев,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман суди раиси