Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 июлдаги «Қурол тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ:
ўқотар қурол деганда, порох ёки бошқа модда қуввати ҳисобига йўналтирилган ҳолда ҳаракатга келувчи аслаҳа билан нишонни масофадан туриб механик уриш учун мўлжалланган қурол тушунилмоғи лозим;
ўқотар қуролнинг асосий қисмлари деганда, ствол, затвор, ўқдон (барабан), рамка, ствол қутиси тушунилмоғи лозим;
ўқ-дорилар деганда, қуролнинг жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш учун мўлжалланган ҳамда таркибида портловчи, порохли, улоқтирувчи, пиротехник ёки уриб чиқарадиган моддалар ёхуд уларнинг бирикмаси мавжуд бўлган қурол-яроғ ашёлари ва улоқтириладиган аслаҳаси тушунилмоғи лозим;
портловчи моддалар деганда, порох, динамит, тротил, нитроглицерин ва кислородли ҳаво етишмаган вазиятда портлаш хусусиятига эга бўлган кимёвий моддалар ва аралашмалар тушунилмоғи лозим;
портлатиш қурилмалари деганда, портловчи моддалар билан тўлдирилган ва портлашни амалга ошириш учун мўлжалланган йиғилган ҳолдаги қурилмалар тушунилмоғи лозим.
Пневматик милтиқлар, сигнал, старт, газ пистолетлари ёки газли баллончалари, ракетницалар ва бошқа имитация-пиротехник ҳамда ёритгич воситалари ўқотар қурол жумласига кирмайди.
Шахснинг Жиноят кодекси 247, 248 ва 249-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдорлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишда айбдордан олинган у ёки бу ашёларнинг қонунга хилоф равишда эгаллаганлик, тайёрлаганлик, олганлик, олиб юрганлик, сақланганлик, ўтказганлик ва бепарволик билан сақаганлик учун қайд этилган моддаларда жавобгарлик кўзда тутилган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига тааллуқлилигини тегишли экспертиза ўтказиш йўли билан аниқлаш керак.
Жиноят кодексининг 247, 248-моддалари бўйича жавобгарлик фойдаланиш учун яроқли бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ёхуд фойдаланишга яроқсиз ўқотар қурол ёки портлатиш қурилмаларини эгаллаган, эгалик қилган, олган, олиб юрган, сақлаган ёки ўтказганда (башарти уларни яроқли ҳолатга келтириш учун айбдор аниқ имкониятга эга бўлган бўлса) келиб чиқади.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш деганда, уларни ғайриқонуний равишда ҳар қандай усулда (ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, талончилик, товламачилик, босқинчилик йўли билан) қўлга киритиш тушунилиши лозим.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда ҳар қандай усулда эгаллаш, айбдорнинг улардан ўз хоҳиши бўйича фойдаланиш ёки тасарруф этиш имкониятлари бор-йўқлигидан қатъи назар, улар олинган вақтдан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланиши керак.
Жиноят кодексининг 247-моддасига мувофиқ ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини эгаллаганлик учун жавобгарлик улар қонунга хилоф равишда корхона, ташкилот, муассасалардан, шунингдек, қонуний ёки қонунсиз тарзда эгаллаб турган фуқаролардан олинган ҳолларда ҳам юзага келади.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, талончилик, товламачилик, босқинчилик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш Жиноят кодексининг 247-моддаси ва тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан, фақат бу моддалар (модда қисмлари) санкцияси Жиноят кодексининг 247-моддасидагидан оғирроқ жазони кўзда тутган ҳоллардагина квалификация қилиниши лозим (масалан, Жиноят кодекси 247-моддаси учинчи қисмининг «в» банди ва 164-моддаси 4-қисмининг «в» банди билан).
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказилган ҳолларда айбдор Жиноят кодексининг 246 ва 248-моддалари мажмуи бўйича жавобгар қилиниши шарт.
Жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш деганда уларни ясаш ёки шикаст етказиш хусусиятларини тиклаш, шунингдек, қандайдир ашё (масалан, ракетница, старт ва қурилиш пистолетлари) ни қайта ишлаш натижасида уларни ўқотар қурол хусусиятига келтириш тушунилиши лозим. Ашёга шикаст етказиш хусусиятларини беришга қаратилган ҳаракатлар айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охиригача етказилмаган бўлса, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда тайёрлашга суиқасд қилиш тариқасида квалификация қилинмоғи лозим.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиш деб уларни сотиб олишни, бошқа нарсаларга алмаштириб олишни, қарзга ёки ҳадяга, қарзи эвазига олишни ва ҳоказоларни ҳисобламоқ керак.
Сақлаш деганда ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тегишли рухсатномасиз айбдорнинг эгалигида: ёнида, бинода, хуфия жойларда, транспорт воситаларида ва бошқа ерларда бўлиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар тушунилмоғи лозим.
Қайд қилинган ашёлар шахс томонидан тегишли рухсатнома бўлган ҳолда, аммо бу рухсатноманинг муддати ўтган ёки ўқотар қуролни ҳисобга қўйиш қоидалари бузилган вазиятда сақланаётган бўлса, айбдор Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 221-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши керак.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш деганда уларни ҳар хил усулларда тарқатиш (сотиш, ўзгага бериш, ҳадя этиш, қарзи эвазига бериш, қарзга бериш ва ш.к.)ни тушуниш лозим.
Қайд этилган ашёлар ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақланган, ташилган, олинган бўлса, бундай ҳаракатлар жиноятга суиқасд қилиш тариқасида Жиноят кодексининг 25 ва 248-моддалари билан квалификация қилиниши керак.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиб юриш деганда айбдорнинг қайд этилган ашёларнинг соҳиби эканлиги ва бу ашёларнинг унинг ёнида бўлиши тушунилиши лозим. Бунда ушбу ашёларнинг бевосита унинг ёнида ёки масалан чемоданида, автомашинасида ва ҳоказоларда бўлишининг аҳамияти йўқ.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш мустақил жиноятлар эканлигини эътиборга олган ҳолда қайд этилган ашёларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ва уларни келгусида олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш Жиноят кодексининг 247 ва 248-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг реал йиғиндисини ташкил қилади.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари қонунга хилоф равишда бошқа жиноятни содир этиш мақсадида эгалланган, шунингдек тайёрланган, олинган, олиб юрилган, сақланган ҳолларда содир этилган қилмиш тугалланган жиноят (Жиноят кодексининг 247 ёки 248-моддаси) ва бошқа жиноятни содир этишга тайёргарлик тариқасида квалификация қилиниши шарт.
Айбдорнинг эгалигида бўлган ўқотар қурол ва унга мўлжалланган ўқ-дориларни бепарволик билан сақлаш, уни ўзга шахс томонидан фойдаланишига ва одам ўлишига ёхуд бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 249-моддаси аломатлари қамраб олади ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
Шахс Жиноят кодекси 248-моддасида қайд этилган ашёларни эркин тарзда ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ва унинг ўзи бу ашёларни топшириш ҳақида тегишли органларга ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади.
Шахс тинтув жараёнида ёки унда қурол борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида қуролни топшириш тўғрисидаги хулосага келса, у қуролни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланмайди.
Илхом Карабаев,
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман суди раиси