2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида модда қўшилган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгилаб қўйилган бўлиб, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланган. Юқоридаги моддага асосланиб хулоса чиқарадиган бўлсак: янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларига янада кенг аҳамият берилаётганлиги, уларнинг уй-жой билан боғлиқ ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, қонунга зид равишда фуқароларни уй-жойидан маҳрум қилиш мумкин эмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Шомурод Бегматов,
Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси