Бугун ҳаётимизда “ахборотлашган жамият”, “ахборот асри”, “ахборот хуружи” каби тушунчалар пайдо бўлди. Бу эса бугунги кунда ахборот тушунчасининг аҳамияти ошганлигидан, қамрови кенгайганлигидан, мақсад-муддаоси ўзгараётганлигидан дарак беради. Ахборот энди бирор жараён, воқелик ёки ҳодиса ҳақида хабар бериш маъносидан четга чиқиб, инсонлар онги ва руҳига таъсир этишнинг, жамиятда мавжуд қонун-қоидаларни ва бутун дунё эътироф этган умуминсоний қадриятлар ва тушунчаларни маълум мақсад атрофида бирлашган айрим гуруҳ ва жамоаларнинг манфаатларига хизмат қилувчи ўзига хос янги талқинларини юзага чиқаришнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, диний ва бошқа бир қанча қарашларнинг тарғиботчисига айланиб бормоқда. Бунинг натижасида, инсоният тараққиётининг айни палласида ахборотнинг омма онгига таъсири ва унинг салбий оқибатлари жамиятнинг жиддий муаммоларидан бирига айланиб улгурди.
Эндиликда ахборот - қурол воситасида инсон онгига ҳужум қилиш, унинг тафаккури ва интеллектини эгаллаш, ўз аудиториясини кенгайтириш билан қудратини ошириш орқали инсонларни қайсидир ғоя атрофида бирлашган кучларнинг мақсадларига хизмат қилиш билан боғлиқ «уруш»нинг замонавий кўринишларига айланди.
Соҳа мутахассисларининг фикрича, ахборот қуроллари тушунчаси остида бирор халқ, миллат менталитети, маданияти, маънавияти, дини, давлатнинг информацион ва ҳарбий тизимига салбий таъсир ўтказадиган махсус дезинформацион технологик воситаларнинг муайян тизими ётади. Ахборотга бўлган эҳтиёжнинг қондирилиши ижобий ҳолат, аммо ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, бир қарашда беозоргина бўлиб кўринган, лекин мақсад-муддаоси ғаразли бўлган ахборотларга тармоқ фойдаланувчиларининг алданиб қолаётганлиги ташвишланарлидир. Айниқса бу алданаётганларнинг аксариятини катта-ю кичик ёшдагилар бирдек ташкил этаётганлиги жуда ачинарли ва хавотирлидир.
Ҳар қандай сиёсий қарашларни ўзгача талқин қилувчи, турли экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи барча ахборотлар ўзига хос таъсир этиш имкониятига эгаки, бу “алдамчи жилваланишлар”га, кўп ҳолларда, ақлий ва маънавий жиҳатдан ҳали тўла шаклланиб улгурмаган ёшлар «мафтун» бўлиб қолмоқда. Ҳатто, бундай ғаразли мақсадлар ўз табиати билан эзгуликка хизмат қилиши керак бўлган санъат асарлари (кино, анимацион фильмлар, мусиқа, қўшиқ, рақс ва шу кабилар) замирига ҳам сингдириб юборилмоқдаки, бу каби “кадр ортидаги мақсад”ни англаш учун инсонлардан теран ақл-заковат ва ҳозирда бир қараганда кўриш мумкин бўлмаган, аммо реал мавжуд “ахборот хуружлари”га қарши иммунитет шаклланган бўлиши лозим.
Бугунги кунда аҳолининг интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўрсатгичи кундан-кунга ошиб бормоқда. Интернетдан фойдалнувчиларнинг аксарияти «Инстаграм», «Фейсбук», «Твиттер», «ТикТок» ва шу каби тармоқларда ўз профилларига эга. Бироқ кейинги йилларда мазкур тармоқларнинг ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган жиҳатлари ҳам кўзга ташланаётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Жамоатчилик фикрларини ўрганиш мақсадида “Ижтимоий тармоқлар инсонлар ҳаётида қандай ўрин тутади?" саволи остида сўровнома ўтказдик.
Респондентларнинг 48 фоизи ушбу тармоқлар дўстлар орттириш, манфаатли танишувлар учун керак деган фикрни маъқуллаган бўлса, 52 фоизи тармоқларнинг инсонлар, хусусан, ёшлар тарбияси ва одоб-ахлоқига шунингдек, оилавий муносабатларнинг дарс кетиши (яъни эр ва хотиннинг ҳиёнати, қизларнинг беҳаё видео ва суратлари) каби салбий ҳолатлар келтириб чиқараётганини тан олишган.
Глобаллашув жараёнида ва жаҳонда оламшумул ўзгаришлар содир бўлаётган бир пайтда, биз нафақат аниқ бир инсон, балки бутун жамият ҳаётига ўз таъсирини ўтказиб келаётган ахборот технологияларининг ажойиб ихтироларидан бири бўлмиш социал тармоқларни четлаб ўтолмаймиз.
Интернетнинг зўр бериб ривожланиши одамзоднинг борган сари меъёрни унутишига ва унинг гирдобига бехосдан тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Виртуал ҳаёт инсонни тамомила дунёқараши ва онгини ўзгартириб юборади. Улар учун виртуал ҳаёт муаммолари ва ташвишлари ҳар нарсадан, жумладан реал ҳаётдан устун туради, бундай инсонларнинг онги фақат бир оламда яшайди. Инсон реал ҳаётидаги камчиликларини, сиқилишларини ва муваффақиятсизликларини тармоқда қоплашга интилади. Расмлар ва уларга берилган муносабатлар, шарҳлар, янги дўстлар, ёрқин лавҳалар ҳамда тармоқлараро уюшмалар одамни тўлқинлантиради.
Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш учун қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозим деб ўйлаймиз.
-ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш, хусусан, алоҳида қонун ҳужжати қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш;
- миллий ахборот маконимизни аҳолининг қизиқишини инобатга олган ҳолда жараёнларни объектив ва позитив ёритувчи маҳаллий ва хорижий ахборотлар билан мунтазам тўлдириб бориш;
- таълим муассасаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, ахборот хуружлари, унинг шакл ва кўринишлари, мақсади ва салбий оқибатлари борасида махсус курслар ўтилишини таъминлаш. Чунки, ҳозирги дунёнинг глобаллашуви шароитида ахборот-коммуникацион технологияларидан унумли фойдаланиш долзарб масалага айланди.
- барчанинг, хусусан, ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, ундаги ҳар қандай ахборотни тафаккур ва таҳлил қилиб, сўнг хулоса чиқаришга ўргатишимиз зарурдир.
Алишер Арипов,
“Миллий тикланиш”
демократик партияси фаоли