Жамиятда яшаётган ҳар бир шахснинг фикрлаш ва уни ифодалаш эркинлиги бўлганидек, вояга етмаган болалар ҳам бундай ҳуқуққа эгадирлар.
Боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Хусусан, қонунчиликка асосан оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.
Масалан, ота-она ўн ёшга тўлган фарзандининг исми ва фамилиясини фақат боласининг розилиги бўлган тақдирдагина ФҲДЁ бўлими томонидан ўзгартирилиши мумкин, акс ҳолда мумкин эмас.
Бундан ташқари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, хусусан тарбия ва даволаш муассасаларида, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги ўн ёшга тўлган болалар ҳам уларнинг розилиги билан оилага тарбияга берилиши мумкин.
Судда бола тарбияси билан бевосита боғлиқ бўлган қуйидаги ишлар, яъни алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини ўзининг қарамоғига олиш, бошқа шахсларнинг тарбиясида бўлган болаларни ота-онасига қайтариш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш, ота-оналик ҳуқуқини тиклаш; ота-оналик ҳуқуқини чеклаш, боланинг суд томонидан ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она билан кўришиши, ота-оналик ҳуқуқи чекланишини бекор қилиш, фарзандликка олиш, фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ва бошқа низолар кўрилади.
Қонунчиликка кўра, ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.
Ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун ҳам унинг розилиги талаб қилинади.
Фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда ҳам ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади.
Ушбу ҳолатлар нафақат ўн ёшга тўлган болага нисбатан, балки ўн ёшдан ошган болаларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.
Суд томонидан бола тарбияси билан боғлиқ ишларни кўришда, лозим деб топган ҳолларда боланинг фикри ҳам тингланиши мумкин, лекин бу дегани бола қандай фикр билдирса, суд шу фикрдан келиб чиқиб қарор чиқаради дегани эмас.
Оила кодексининг 75-моддасига асосан алоҳида яшайдиган ота-она болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишуви бўйича ҳал қилиниши мумкин. Агар ота-она ўртасида бундай келишув бўлмаса, ушбу низо суд томонидан кўриб чиқилиши ва болаларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилиши белгиланган.
Ушбу ҳолатда суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун яратилган шароитларни ҳам ҳисобга олади.
Бундан ташқари, боланинг отаси ёки онаси ёҳуд бошқа шахснинг қарамоғида қолиши ҳақидаги фикрга келишига болага нисбатан руҳий таъсир ўтказилган ёки ўтказилмаганлигини аниқлаш мақсадида суд томонидан суд психологик экспертизаси тайинланиши мумкин.
Бола қандай фикр билдиришидан қатъий назар унинг фикри ҳам суд томонидан бошқа далиллар каби ички ишонч асосида баҳоланади.
Шунинг учун суд томонидан ҳар қандай ҳолатда, гарчи бола ўзининг эътирози сифатида қарши фикр билдирган тақдирда ҳам унинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда қарор чиқарилиши лозим бўлади.
Одил Юлдошбоевич Эгамбердиев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Зарбдор туманлараро суди раиси