Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида мунтазам равишда аҳолини рўйхатга олади. Кўпчилик мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш ҳар беш ёки ўн йилда амалга оширилади.
Ҳозир жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилмоқда. Халқаро амалиёт шундай! Бизда-чи? Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу тадбир сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган.
Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 33 905,8 минг кишини ташкил этиб, шундан шаҳар аҳолиси сони 17 118,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,5 %), қишлоқ аҳолиси сони 16 787,4 минг кишини (49,5 %) ташкил этади. Жами аҳолимизнинг 50,2 % ни эркаклар (17 036,1 минг киши), 49,8 % ни аёллар (16 869,7 минг киши) ташкил этади.
2019 йил давомида республика бўйича туғилган болалар сони
815,9 минг нафарни, вафот этганлар 155,0 минг кишини ташкил этган. Республика ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3878,0 минг кишини (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %), Фарғона вилоятида 3752,0 минг кишини (11,1 %) ва Қашқадарё вилоятида 3280,1 минг кишини (9,7 %) ташкил этди.
Аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.
Мамлакатимизда 1989 йилдан кейин ҳали бирор марта ҳам аҳолини рўйхатга олиш ишлари бажарилмади. Бу масалани роппа-роса 30 йил ортга суриб келдик. Шу туфайли демографик муаммоларимиз қалашиб кетди. Одамларнинг ҳақиқий ҳаёт тарзини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда қатор қийинчиликлар вужудга келди.
Ниҳоят БМТ 2015 йилнинг 10 июнида “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясини қабул қилди. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилди. Ҳозир Ҳамдўстлик давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланиб кетган. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам! Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Б.Муқумов,
Янгиобод туман Статистика бўлими етакчи мутахассиси