Умр яратганнинг бандаларига берган бебаҳо нематдир. Шу боис ўзга шахснинг ҳаёт шамини бевақт ўчиришга ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Буни Бош қомусимизнинг 25-моддасидаги, “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир” конституциявий қоида ҳам тасдиқлайди.
Аммо, айрим кимсалар фақат ўз нафсини ўйлаб, текин бойлик ортириш мақсадида инсонларни умрини бир тийинга олмайдиганлари ҳам учрайди экан бу ҳаётда.
Бунга мисол, Жиззах вилоятида уч нафар шахс босқинчилик, қасддан одам ўлдириш ва такроран қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилган жиноятларини содир этиб, бир нафар хамтовоғи эса уларга кўмаклашган шахсга ҳукм ўқилди.
Ҳўш, аслида бу иш қандай бўлган экан.....
У.Пўлатов, Ж.Усманов ва Р.Рахматовлар 2023 йил ноябрь ойи бошида Самарқанд вилояти Пасдарғом тумани, Жума шаҳарчасида жойлашган ресторанда бирга овқатланишган, суҳбат давомида Ж.Усманов Бойларовул қишлоғида яшовчи таниши Қ.Бабаевнинг фуқароларга устама фоиз эвазига қарзга пул бериш билан шуғулланиши, у ўз яшаш хонадонида катта миқдордаги нақд пулларни доимий равишда сақлаб келишини айтади.
Жиноий тўда ушбу пулларни босқинчилик йўли билан қўлга киритиш учун жиноий режа тузадилар. Жиноят жойида из қолдирмаслик ва таниб қолмасликлари учун эса юз ниқоби, қўлқоп, қурол сифатида темир бўлаги ва миғ суғургич каби асбобларни сотиб олиб ўз қабиҳ ишларига олдиндан тайёргалик кўришади.
Шу тариқа 2023 йил 18 ноябрь куни соат 01:00 ларда Ж.Усманов бошчилигида У.Пўлатовга тегишли “Спарк” русумли автомашинаси билан Қ.Бабаевнинг яшаш уйига яқин жойга келиб, автомашинани кўздан узоқроқ жойга қўйишади. Бир муддат атрофни кузатиб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилишгач, “иш”га киришишади...
Улар дастлаб уйнинг бошқа хоналаридан пулларни қидириб топа олишмагач, ётоқхонасига киришади. У.Пўлатов ҳеч нарсадан хабари йўқ ҳолда ухлаб ётган Қ.Бабаевни кўриб, унинг бош ва юз қисмига қўлидаги темир бўлаги билан бир неча маротаба қасддан зарб билан уриб, ҳаёт учун ҳавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказади.
Ушбу вақтда шовқиндан уйғонаётган уй бекаси М.Бабаевага эса У.Алимардонов ҳужум қилади ва шовқин чиқармаслиги учун икки қўли билан унинг бўйин соҳасини бўғади. Сўнг “пулларинг қаерда сақланади” дея дўқ-пўписа қилиб, қасддан ўлдириш мақсадида олиб келган мих суғургич билан бир неча маротаба аёлнинг танасига зарб билан уриб, унга нисбатан ҳам ҳаёт учун ҳавфли бўлган оғир тан жароҳатларини етказади.
Босқинчиликлар хонадон меҳмонхонасидаги “КЕЙС” брендли сумкани кўриб, уни ўзлари билан олишади ва эр-хотинларни ўлиб қолганлигини тахмин қилиб, воқеа жойидан яширинишади.
Афсуски, жиноят оқибатида кўрсатилган барча тиббий ёрдамларга қарамай, жабрланувчи Қ.Бабаев Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмган.
Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида эса М.Бабаеванинг ҳаёти сақланиб қолинган.
Суд, томонидан ушбу ўта оғир жиноятларни содир этган У.Пўлатов, Р.Рахматов ҳамда У.Алимардоновлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в,г” бандлари, 25, 97-моддаси 2-қисми “а,в,и,п” бандлари, 97-моддаси 2-қисми “в,и,п” бандлари билан айбли деб топилиб, У.Пўлатовга 23 йил озодликдан маҳрум қилиш, шундан 3 йили турмада қамаш тариқасида, Р.Рахматов ва У.Алимардоновга 22 йил озодликдан маҳрум қилиш, шундан 3 йили турмада қамаш тариқасида жазоси тайинланди.
Жиноят ишининг содир бўлишига кўмаклашган Ж.Усмонов эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28, 164-моддаси 3-қисми “в,г” бандлари ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 14 йил озодликдан маҳрум қилиш, шундан 2 йили турмада қамаш тариқасида жазоси тайинланди.
Бундай ҳолатларда қонун албатта, ўзининг ҳуқуқий баҳосини берди, лекин бир бегуноҳ кишининг ҳаётини ортга қайтариб бўлмайди, бу “нафс балоси” деб бир отахоннинг ҳаётдан кўз юмишига, бир аёл кишининг бир умрга ногирон бўлишига, тўртасининг эса умрининг энг гўзал даврини панжара остида ўтишига сабаб бўлди.
Хулоса қилиб айтганида, ҳалол яшашга ўрганган одам қинғир ишларга ҳеч қачон қўл урмайди. Номуносиб хулқ ва текин бойлик ортириш кишини, шубҳасиз, кўнгилсиз воқеалар гирдобига элтади.
Дилшод Эшматов
Жиззах вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси
Бахтиёр Мамадаминов
Жиноят ишлари бўйича
Янгиобод туман судининг раиси
М.Эшмирзаева, ЎзА