Ассалому алайкум қадрли тумандошлар!
Аввало, Сизларни барчамиз учун энг улуғ, энг азиз бўлган қутлуғ айём – Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман!
Барчамизга маълумки, истиқлолга эришган шукуҳли кундан эътиборан Ватанимизнинг кўп йиллик тарихида янги давр – эркинлик ва озодлик, миллий тикланиш ва тараққиёт даври бошланди. Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди. Бу давр миллатнинг, жамиятнинг, неча-неча авлодларнинг тақдирини, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган давр бўлди.
Бундан ўттиз уч йил олдин ўта оғир ва мураккаб тарихий вазиятда қўлга киритилган миллий истиқлолимиз бугунги кунда кўп миллатли бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари илҳомлантирмоқда.
Бу йилги улуғ айём «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» деган эзгу ғоя асосида нишонланаётгани ҳам бежизга эмас. Барчамиз инсон қадри олий мезон бўлган янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида қўлга киритган зафарларимизни мустақил тараққиёт ғоясига ҳамиша содиқ, мард ва матонатли халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти маҳсули деб биламиз ва ана шундай олижаноб элнинг фарзандлари эканимиздан чексиз фахрланамиз.
Азиз дўстлар!
Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага эмас, шу бугун ниятига етишини, ҳаётидан, ҳар бир кунидан мамнун бўлиб яшашини истайди. Одамларни рози қилиш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш борасидаги ишлар юртимизнинг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олмоқда. Биргина бизнинг туманимизни олиб қарайдиган бўлсак, сўнги вақтларда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси кўркам тус олиб, аҳоли турмуш даражаси тубдан яхшиланмоқда.
Хусусан, жорий йилда туманимизда 205 млн сўм маблағ эвазига 30 километрдан ортиқ ички йўллар жорий таъмирланди, 865 млн сўм маблағ эвазига Сармич МФЙ ҳудудидаги 1,3 км йўлга асфалт ётқизилиб, Совот ҚФЙ ҳудудидаги сел йўлига кечув қуриш ишлари бажарилди.
Истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 200 га яқин симёғочлар алмаштирилиб, янги ҳаво тармоқлари тортилди.
Бундан ташқари, Баландчақир маҳалласида аҳолининг кўп йиллик хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, Президент қарори асосида лойиҳа қиймати 4,5 млрд сўм бўлган 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотини барпо этиш, шу билан бир қаторда, қиймати 4,1 млрд сўм бўлган 2-умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида жами 8 млрд сўмга яқин маблағ эвазига туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда 2-умумтаълим мактабининг моддий техник базаси яхшиланиб, ҳозирда 1-умумтаълим мактабининг иситиш тизимини яхшилаш, 4 ва 6- мактаблар ҳудудида сунъий қопламали футбол майдони қуриш ҳамда 12 умумтаълим мактабига қўшимча бино қуриш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.
Азиз дўстлар!
Янги Ўзбекситонимизнинг тараққиёт босқичида мaмлaкaтимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий мaдaнияти вa ижтимoий oнг дaрaжaсининг ўсиб бoриши, ёш авлоднинг илм-фан, спорт соҳасида эришаётган ютуқлари бу соҳадаги ислоҳотларни янги, янaдa юқoри бoсқичгa кўтaришимиз учун зaрур шaрoитлaрни юзaгa кeлтираётгани ҳеч кимга сир эмас.
Жорий йилнинг – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилингани ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давоми бўлди. Бугунги кунда ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим олиши, ўсиб-улғайиши, ўз билим ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Ушбу ислоҳотлар самараси ўлароқ Янги Ўзбекистонимизнинг Янгиободлик бир қатор ёшлари турли соҳаларда юқори натижаларни қайд этишиб, эътирофларга сазовор бўлишди.
Хусусан, жорий йилда олимпиада спорт турлари бўйича Республика, осиё ҳамда йирик халқаро чемпионатларда жами 36 нафар спортчиларимиз иштирок этишиб, 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Шу йили Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида спортнинг Таэкwондо тури бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада ёш спортчимиз Зикиров Отабек фахрли 3- ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритди.
Яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ментал Арифметика Республика очиқ олимпиадасида ҳам Янгиободлик бир гуруҳ ёшлар иштирок этишиб, улардан 3 нафари 3-ўрини, 5 нафари 2-ўрини ҳамда 11 нафари 1-ўрини эгаллашган бўлса, яна 10 нафари Олий ўринга лойиқ кўрилиб, Бирлашган араб Амирлиги, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон мамлакатларида бўлиб ўтадиган жаҳон олимпиадасига йўлланмаларни қўлга киритишди.
Шунингдек, «Ёш чегарачилар» ҳарбий-спорт мусобақасининг Республика босқичида Сармич маҳалласининг «Қалқон» жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллашди.
Яна бир қувонарли хабар шундаки, бу йилги 11-синф битирувчилари орасидан Давлат тест марказининг дастлабки натижаларига кўра 140 нафари, яъни 43 фоизи давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, ушбу натижа бўйича туманимиз вилоятда етакчи ўринни банд қилиб турибди.
Албатта, ёшларимизнинг бундай натижалари барчамизда қувонч ва фахр-ифтихор туйғусини уйғотади.
Қадрли тумандошлар!
Туманимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва қулай бизнес муҳитини яратиш борасида маҳаллаларда 83 та микролойиҳалар ишга туширилиб, 104 та янги иш ўринлари яратилди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш бўйича 1679 нафар фуқаролар доимий иш ўринларига жойлаштирилди. «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида тижорат банклари томонидан 236 нафар фуқароларга 2,6 млрд сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Айни кунларда “Ҳавотоғ” ҚФЙ ҳудудида “Ҳайр Ҳавотоғ” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан қиймати 17 млрд. сўм бўлган маданли сув қадоқлаш лойиҳасини амалга ошириш борасида ҳаракатлар бошлаб юборилган. Лойиҳа ижроси билан 60 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Туманимизда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, бир сўз билан айтганда уларни мунтазам қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 86 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга? 151 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик кўникмалирига ўқитилиб, 58 нафарига 641 млн сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. 450 нафардан ортиқ хотин қизлар доимий ишга жойлаштирилди.
Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадлар йўлида олиб борилмоқда.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ислоҳотларнинг халқимиз учун бўлиши, халқ бой бўлса, давлат бой бўлади деган ғоянинг устуворлиги, одамлар орасига кириб бориш, улар билан дилдан яқин бўлиш натижалари оз фурсатларда ўз тасдиғини кўрсатди. Юртимиз қиёфаси ўзгарди. Одамларнинг яшаш тарзи, ўй-фикри ўзгарди, келажакка ишончи, ватанга бўлган муҳаббати ортди.
Қадрли тумандошлар!
Юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезиб юрган шундай улуғ кунларда муҳтарам Президентимиз қарори билан Совот маҳалласи фаоли Бердиёров Самандар юксак мукофот - “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг туманимизда Янги Ўзбекситонни юксалтириш йўлида олиб бораётган ислоҳотларимизга, меҳнаткаш халқимизга берган юксак баҳоси бўлди десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Азизлар! Бугун юртимизда байрам шодиёналари, суюкли Ватанимиз 33 ёшда. Бу байрам халқимиз ҳаётида, ишида бахт ва омад, бебаҳо тинчлик етаклаб келгани рост бўлсин! Сизларни яна бир бор Мустақиллигимизнинг шонли 33 йиллиги билан чин дилдан муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-тотувлик, бахт-саодат, хонадонингизга файзу барака тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, истиқлолимиз абадий бўлсин!