Жорий йилнинг 16 январь куни мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари , журналист ва блогерлар, шунингдек жамоатчилик вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи Б.Менглиев, 2024 йилда бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд ва бошқа органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтди.
Таъкидланишича, ўтган 2024 йилда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб қувватлаш учун 115 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиб, 58 млрд. сўми махсус ҳисоб рақамларга йўналтирилган.
Алимент ундируви бўйича алоҳида чора тадбирлар белгиланиб, 60 млрд. сўм алимент қарздорлиги ундирилган. Бундан ташқари, ўтган даврда давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 5 мингга яқин оилалар яраштирилиб, 11 минг нафардан ортиқ вояга етмаган болалар тўлиқ оила қарамоғига қайтарилган.
Алимент ундируви бўйича ўтказилган тадбирлар давомида 40 та алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан 1,3 млрд. сўм маблағлар олдиндан тўлов нақд пул шаклида амалга оширилган.
“Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан бугунги кунга қадар 29 та алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчиларга жамғарма маблағлари ҳисобидан 1,4 млрд. сўм алимент пуллари тўлаб берилди.
Бюро органлари ташаббуси билан ишга жойлаштирилган фуқаролар сони 1 359 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, ўз фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган 1 306 нафар қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МжтКнинг 47 прим 4-моддасига асосан маъмурий ҳамда 88 нафар қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.
Муқаддам ўз иш ўрнини йўқотган ва қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 63 нафар шахс ишга тикланди ва ходимларга тўланмай қолган 3,5 млрд. сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.
Шунингдек, ўтган даврда 5,2 трлн. сўмлик 419 минг та ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 282 минг та ижро ҳужжатлари бўйича 2,8 трлн. сўм қарздорлик амалда ундирилиши таъминланган.
Шу каби, давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича 995 млрд. сўм қарздорлик амалда ундирилган.
Ҳокимликлар томонидан уй-жойи ёки бошқа кўчмас мулки бузилган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фойдасига 6,5 млрд. сўм (3,9 млрд. сўмлик фуқаролар фойдасига, 2,7 млрд. сўмлик фойдасига) компенсация пуллари ундириб берилган.
Келиб тушган 9 984 та мурожаатларнинг 9 482 таси ёки 95 фоизи ҳал этилган.
Тадбирда, ОАВ вакиллари соҳа мутасаддиларидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.