Нафс - инсонни ўзлигидан йироқлаштиради, имонини заифлаштириб, виждонини ўғирлайди. Бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган кўрнамаклар эса ҳар доим, ҳар қандай жамиятда афсуски, учраб туради.
Янгиобод тумани, "Зарбдор элеватори" АЖ, Баландчақир дон қабул қилиш шаҳобчасида маъсул вазифада ишлаб келган Фозил Самиев (исм-шарифи ўзгартирилган), ана шундай нафси бузуқ инсонлардан бири сифатида танилди, одамларнинг ўзига бўлган ҳурмати, ишончини йўқотди.
Фирибгарлик, яъни ўзгалар мулкини алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишда ифодаланган жиноятни қасддан содир этган Ф.Самиев ножўя қилмишлари охир-оқибат юзага чиқишини, эгри ишнинг тўқмоғи бир кун келиб ўзига зарба бўлиб қайтишини англамади, ўз вақтида бўлса эс ҳушини йиғиб олмади.
Жумладан, у ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш макрадида 2018 йилнинг март ойида фуқаро С. Қ.ни 2018 йилнинг ғалла мавсумида 1 килограммини 1000 сумдан ҳисоблаб, 11 тонна арпани 11 000 000 сўмга сотишини айтиб ишонтиради, дастлаб ундан ўзи 7 000 000 сум, сўнгра таниши М.Б орқали яна 4 000 000 сўм, жами 11 000 000 сўм миқдоридаги пулларни қўлга киритади, афсуски, шу кунга қадар турли баҳоналар билан унга ваъда қилган 11 тонна арпани бермасдан қўлга киритган 11 000 000 сўм миқдоридаги пулларни хам ўзининг шахсий эхтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, Ф.Самиев такроран ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2018 йилнинг декабрь ойида "Зарбдор элеватори" АЖ, "Баландчакир ДҚҚШ мудири вазифасида ишлаган вақтида фуқаро О.А.га 5 тонна уруғлик ғалла беришини айтиб, уни ишончига кирган ҳолда, ундан 3 600 000 сўм миқдорида пул олади, унга ваъда қилган 5 тонна уруғпик ғалла ва қўлга киритилган 3 600 000 сўм миқдоридаги пуллар шу кунга қадар ҳам эгасига қайтарилмади, маъсулиятсиз, лафзида турмайдиган Ф.Самиев буни хам ўзининг шахсий эхтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.
Шунингдек, Ф.Самиев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттирган ҳолда, такроран ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2019 йилнинг февраль ойи ўрталарида ўзига олдиндан таниш бўлган фукаро З.Х.нинг яшаш хонадонига бориб, унга сотиладиган буғдой борлигини маълум қилади, З.Х унга буғдой сотиб олмокчи эканлигини билдирганида у 1 килограмм буғдойни 1000 сўмдан ҳисоблаб, 35 тонна буғдойни 35 000 000 сўмга сотишини айтиб, буғдойни 2019 йилнинг август ойида беришини ваъда қилиб, 35 000 000 сўм миқдоридаги пулларни унинг уйидан олиб кетган. На ваъда қилинган 35 тонна буғдойни, на 35 000 000 сўм миқдоридаги пулларини қайтариб ололмаган З.Хнинг ҳам дарди ичида колди.
Бундай текин луқмалар Ф.Самиевга ёғдек ёқиб, томоғидан силлиққина ўтиб кетаётгани сабабли одамларни алдашда давом этди, жумладан 2019 йилнинг июнь ойида туманимиздаги кўп тармоқли хусусий савдо фирмаси рахбари Н.М.дан жами 32400000 сўмлик 27 тонна арпани олиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган арпани сотиб юбориб, пулини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.
Фуқаро А.У.нинг уйида 30 тонна пиёз борлиги ҳакида хабар топиб, унинг яшаш хонадонига келиб, пиёз сотиб олишини айтиб, 1 килограмм пиёзни 1200 сўмдан бахолаб, 30 тонна пиёзни жами 36 000 000 сўмга сотиб олишга келишиб, пулини 2019 йилнинг 19 ноябрь куни беришини ваъда қилади, унинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган 30 тонна пиёзни сотиб юбориб, орадан уч кун ўтгач, таниши Қ.Ж орқали ундан яна 3 000 000 сўм пул олиб, икки кун ичида қайтариб беришини айтиб, уни ишонтириб қўлга киритган 30 тонна пиёзнинг пулини ва 3000000 сўмни шу кунга қадар бермасдан турли баҳоналар қилиб, жами 39 000 000 сўм миқдордаги пулларни ўзининг манфаатлари учун ишлатиб юборган.
Хар қанча олғир, фирибгарликни хадисини олган бўлса ҳам Ф. Самиев қонунга чап беролмади, мазкур холат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистан Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПК нинг 345-моддаси тартибида тегишлилига кўра, дастлабки тергов харакатларини давом эттиришлик учун туман ИИБ хузуридаги Тергов гуруҳига юборилди.
"Кўр булсанг хам кўрнамак бўлма" дейишган ота-боболаримиз. Ҳар нарсанинг сарҳисоби, бериладиган савол-жавоби бор, энг ёмони энди у яқинлари таниш-билишларининг кўзларига қаролмайди, номига қўшиб айтиладиган "ўғри, муттахам” деган тамға узоқ йиллар қилмишидан пушаймон бўлишига мажбур қилади, қонун олдида, виждони олдида жавоб бериб, керакли хулосани чиқариб олса халиям кечмас.
Д. БАЙНАЗАРОВ,
Янгиобод туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.
("Янгиобод овози" газетаси. 20.05.2020.№ 6-сон)