Давлат тест Маркази берган маълумотларга кўра, жорий йилда Олий таълим муассасаларига 366 556 нафар мактаб битирувчилари ҳужжат топширган. Бу эса умумий мактаб битирувчиларининг 81,3 фоизини ташкил қилади, ўтган йил ушбу кўрсаткич 61 фоизни ташкил қилган эди.
Бунда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган битирувчилар сони бўйича Сирдарё вилояти етакчилик қилмоқда, вилоятнинг 94% битирувчиси ОТМга кириш истагини билдирган ва абитуриент бўлган. Кейинги ўринда 92% билан Навоий вилояти қайд этилган, Жиззах вилояти 89,5% кўрсаткич билан учинчи ўринда.
Бу йилги битирувчиларнинг 83% кундузги ўқув шаклини, 15% сиртқи ва 2% кечки ўқув шаклини танлаган.
Бу йил Ўзбекистон бўйича 91та олий таълим муассасаcида ўқиш учун 1 миллион 484 минг 85 абитуриент ҳужжат топширган (2019 йилда 1 миллион 66 минг 926). Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 417 минг 159 нафарга ёки 39,1 фоизга кўп.
Шунингдек, Янгиобод туманида жорий йил 372 нафар ўқувчи мактабни тамомлаган бўлиб, уларнинг 363 нафари, яъни 97,5 фоизи олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.