Юртимизда ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён этишлари ва халқаро майдонларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг бири ҳам айнан шу соҳага йўналтирилгани мамлакатимизда спортга бўлган эътиборнинг қай даражада эканини кўрсатади.
Ёшларга яратилаётган бу каби шароит ва имкониятлардан Янгиободлик ёш спортчилар ҳам унумли фойдаланган ҳолда турли мусобоқа ва турнирларда фаол иштирок этишиб, тенгдошларига намуна бўлиб келишмоқда.
Яқинда Қашқадарё вилоятида "Универсал жанг" спорт тури бўйича кескин ва муросасиз беллашув остида бўлиб ўтган биринчиликда Жиззах вилояти, Янгиобод тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ҳам муносиб иштирок этишиб, фахрли ўринларни эгаллашди.
Хусусан, Анорқулов Озодбек 14-15 ёшлилар ўртасида 48 кг вазн тоифасида фахрли 1 ўринни, Аҳатқулова Зулфия 16-17 ёшлилар ўртасида 66 кг вазн тоифасида фахрли 1 ўринни ҳамда Ҳакимов Баҳодир 25 ёшдан катталар ўртасида 84 кг вазн тоифасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар.
- "Шогирдларимнинг ушбу ғалабаси - барча тумандошларимизнинг ғалабасидир. Бундан кейин ҳам уларни янада кучли ва қатъиятли қилиб тарбиялаб, нафақат юртимизда, балки, халқаро майдонларда ҳам муносиб иштирок этишлари учун бор куч-ғайратимини сафарбар этаман" - дейди спортнинг "Жеет куне до" тури бўйича жаҳон чемпиони, спорт мураббийи Адҳам Абдусаломов.
Мусобоқа сўнгида ғолиблар ташкилтчилар томонидан махсус диплом ва медаллар шодаси билан тақдирландилар.
Албатта, ёшларимизнинг бундай ютуқлари - юртимизда баркамол авлодни етиштириш йўлидаги ислоҳотларимиз мевасидир. Биз ҳам спортчиларимизнинг ушбу ишончли ғалабалари билан муборакбод этиб, келажакда бунданда юқори натижаларни кутиб қоламиз.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати