Мураккаб келган йил синовларини меҳнат ва уюшқоқлик билан енгиб ўтишда вилоятимиз солиқ идоралари ўзига хос тажриба намоён этишди.
Солиқ тушумларини тўлиқ таъминлаш, прогноз режаларини ошириб бажариш ҳамда солиқ тўловчилар учун қулай ва замонавий муҳит яратишга эришилгани фикримизга мисолдир. Янги йил байрами арафасида вилоятимизнинг учта туманида замонавий давлат солиқ инспекцияси биноларининг фойдаланишга топширилиши энг аввало солиқ тўловчилар манфаатига хизмати қилади.
Янгиобод тумани давлат солиқ инспекциясининг очилиш маросимида туман ҳокими И.Матиев, туман фаоллари ва меҳнат фахрийлари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят ДСБ бошлиғи Бекзод Ташпулатов ушбу иншоот узоқ йиллар туман аҳлининг фаровонлиги ва иқтисодиёти ривожи учун хизмат қилишини билдирди.
Бино “Даштабодқурилиш инвесть” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан бунёд этилди. Уни жиҳозлашда “Солиқ идораси -тадбиркорга кўмакчи” тамойилининг амалдаги ифодаси акс этишига эътибор қаратилган.
Жорий йилда Янгиобод туман давлат солиқ идорасии ходимлари самарали ва сидқидилдан меҳнат қилдилар. Солиқ тўлаш маданиятини шакллантириш, солиқ тўловчиларга ўзларининг асосий қонуний бурчларини адо этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида ижобий натижаларга эришилди.
Биргина Янгиобод туманида бюджетга солиқ тушумлари йил бошидан буён 13, 600 млн. сўмга ёки 102 фоиздан ошириб бажарилди. Ўз навбатида вилоят миқёсида солиқ тушумлари йил якунланмай туриб, бугунги санага нисбатан 107% дан ошириб бажарилган. Буни мамлакатимизда бозор тамойилларига жавоб берадиган солиқ тизимининг шаклланаётгани ҳамда тизимни бошқаришнинг замонавий механизмлари жорий этилишининг амалий натижаси деб баҳолаш лозим.
- 20 йилдан буён солиқ тизимида ишлайман, - дейди Янгиобод туман ДСИ катта инспектори Абдужалол Алимардонов. – Бундай чиройли, қулай ва замонавий бино бизнинг кўп йиллик орзуимиз эди. Шундай бўлса-да, ўз ишимизни виждонан бажариб, солиқ тушумларини ўз вақтида йиғишга ҳаракат қилганмиз. Бугун фойдаланишга топширилган бу бинода халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга иштиёқимиз ошмоқда.
Инспекциянинг очилиш маросимида солиқчилар ва солиқ тўловчилар учун яратилган қулайликлар солиқ тушумларининг янада яхшиланиши, солиқ тўловчилар фаоллиги ошишида муҳим омил бўлиши эътироф этилди.