Аҳолининг дарду-ташвиши билан яшаш, ҳар бир маҳалла ва қишлоқларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш ва шу орқали халқни рози қилиш – бугунги кунда ҳар бир раҳбар кун тартибидаги бош мақсадга айланди.
Бугун Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев Совот қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомад қилувчи аҳолининг муаммолари ва турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида кўмак ва эътиборга муҳтож аҳоли хонадонларига ташриф буюрди.
Ташрифлар давомида туман раҳбари хонадонларнинг оила аъзолари билан мулоқотлар ўтказиб, уларнинг яшаш шароитлари ва эҳтиёжлари билан танишиш баробарида, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли масъулларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож, оиласида ногирони бор бўлган хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ҳамда дори-дармонлар тарқатилди. Оилавий даромади паст бўлган, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хонадонларга эса уйда ўтириб даромад топиш имкониятини яратиш мақсадида тикув машиналари тарқатилди.
Албатта, халқни рози қилиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш – фуқароларимизнинг шоду-хуррам, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати