Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-сон Фармонига мувофиқ «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилиб, жамиятимизда ижтимоий фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эл-юрт олдида кўрсатган хизматларини муносиб рағбатлантириш мақсадида ҳар йили бир гуруҳ аёллар ушбу кўкрак нишони билан мукофотланади.
Жиззахдаги анжуманлар саройида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида ушбу нуфузли мукофот бу йилги эгаларига топширилди. Қувонарлиси, улар орасида Янгиободлик Гулмуратова Дилором Маматкаримовна ҳам бор. У мазкур мукофотни вилоят ҳокими Эргаш Салиевдан тантанали тарзда қабул қилиб олди.
Д.Гулмуратова 1958 йилда туғилган. Бир неча йиллардан бери Янгиобод туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабда бошланғич синф ўқувчиларига таълим бериб келади. Бундан ташқари, тажрибали устоз сифатида ёш ўқитувчиларга ўзининг тажрибаларини ўргатиб келади. У ўзининг фаол меҳнати, жонкуярлиги ва талабчанлиги, ташкилотчилик қобилиятлари, ширинсўзлиги билан туман аҳолиси ва ҳамкасблари орасида хурмат-эътибор қозонган. Ўз устида тинмай ишлайди, янгиликларга интилади. Тизимдаги узоқ йиллик самарали ва ҳалол меҳнати билан жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган.
Таъкидлаш жоиз, ушбу мукофот жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларга берилади.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати