Халқимизнинг энг севимли ва миллий айёми Наврўз хусункор сепини ёйганида бутун жумлаи жаҳонда ажиб бир гўзаллик намоён бўлади. Бу табиатнинг янгиланиши ва янги куннинг бошланишидир. Бинобарин, Наврўз янги кун демакдир. Наврўз кун ва туннинг тенглиги, янги ҳаёт, янги орзу ниятлар ижобатидир. Халқимиз бу фараҳбахш айёмни соғиниб яшашининг боиси ҳам аслида шунда.
Бугун мамлакатимизда миллий ва азалий айёмимиз Наврўзи олам кенг нишонланар экан, халқимизнинг нурли чеҳрасида, юз-кўзида ҳаётдан мамнунлик, эртанги кунга умид ва ишончни кўриш мумкин. Чунки Наврўзи оламнинг мазмун-моҳиятида инсонни улуғлаш, унинг қадри, иззат-ҳурматини жойига қўйишдек эзгу фазилатлар мужассамдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида ҳам бу ҳақда фикр юритиб, юртимизда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар-жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилаётганини, айниқса, ижтимоий ёрдам ва кўмакка муҳтож, кўнгли ярим инсонларга чинакам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш доимий фаолиятимиз мезонига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Бу борадаги ишларимиз “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да мазмун ва сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Айни шу мақсадда мамлакатимизда ўнлаб замонавий корхоналар, саноат ҳудудлари ва кластерлар,
“IT-парк” ва технопарклар, транспорт-коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, кўркам боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тобора чирой очиб, жонажон диёримиз янада обод ва гўзал бўлиб бормоқда.
Мамлакатда кечаётган барча янгиланишлар Наврўз руҳи ва боқий фалсафасига ҳамоҳанг эканлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Зотан, ёшариш ва янгиланиш айёми Наврўзи олам қут-барака ва файзу тароват манбаидир.
Шавкат Рахимов,
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати