Мамлакат фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар ҳар қандай давлат миллий статистикасининг муҳим қисми саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади. Улар нафақат республика, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилади.
БМТ дунё мамлакатларига фуқаролар билан юзага келадиган бир қатор ижтимоий муаммоларнинг ечими ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг демографик кўрсаткичлар билан мутаносиб равишда ўсиб боришини таъминлаш учун ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади. Афсуски, юртимизда мустақилликдан сўнг кенг кўламда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Шу боис, мамлакатимизда илк бор 2023 йилда ўтказилиши кўзда тутилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Аҳолини рўйхатга олиш мамлакат ҳудудида миллати, элатидан қатъий назар барча инсонларни бирлаштирадиган умуммиллий тадбир бўлиб, унинг ўтказилишидан барчамиз, сиёсий қарашларимиз ва ижтимоий мавқеимиздан қатъи назар бирдек манфаатдормиз. Боиси, мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг сони (2021 йил 1 январь ҳолатига республика аҳолиси 34 558,9 минг киши ташкил этган), фуқаролиги, никоҳ ҳолати яъни расмий никоҳ, норасмий никоҳ ёки эрта никоҳ, одамларимизнинг таълим даражаси (ўрта, ўрта махсус ёки олий), яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони,уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар бўйича бугунги кунда етарлича мавжуд бўлмаган маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳарча, маҳалла, қишлоқ ва овуллар сони ҳамда уларнинг чегаралари, турар жойлар сони, улардаги мавжуд шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилади.
Янгиобод туман статистика бўлими