"2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни маънавий етук, жисмонан соғлом ва баркамол авлод қилиб тарбиялаш мақсадида Зомин туманида ёшлар ўртасида “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу мусобақаларда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган чинакам спортсевар пахлавонлардан Мирзачўл, Фориш, Бахмал, ва Зомин туманлари жамоалари қаторида 32 нафар Янгиобод тумани ёшлари ҳам иштирок этишиб, ўқотар қуролларини қисмларга ажратиш ва йиғиш, эстафета, арқон тортиш, дартс мусобақалари, автомат ва пистолетдан ўқ отиш, тош кўтариш каби спорт турлари асосида ўзаро куч синашмоқдалар.
“Кўпкураш” вилоятимиз уюшмаган ёшларини ватанга, чегара сарҳадларининг ҳимоясига муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилаётгани бугун юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг амалий исботидир.
Мазкур тадбир “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини сингдириш, ўсиб бораётган ёш авлодда Ватан олдидаги масъуллик ҳиссини шакллантириш, уларда ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш, ўз халқига, Президентига ва ватанига садоқат руҳида тарбиялаш, ёшлар ўртасида ватанни ва чегара сарҳадларини ҳимояси шарафли бурч эканлигини уқтириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида хизмат ўташга тайёрлаб бориш, ёшларда мардлик, жасурлик, шижоат, жасорат, қатъият, куч-ғайрат, интизом, жамоатчиликка таяниш туйғуларини шакллантириш, мунтазам равишда спорт ва билим билан шуғулланишларига тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаши билан ҳам аҳамиятлидир.