Ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларни маънан етук ва жисмонан баркамол этиб камол топтириш, ёшларда мардлик, жасурлик, шижоат, жасорат ва қатъият туйғуларини шакллантириш ҳамда уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида "Кўпкураш" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Янгиобод туман босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасаларини тамомлаган 30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшлар иштирок этишди.
Ҳар бири 8 нафар иштирокчилардан ташкил топган Баландчақир, Сармич, Совот ҳамда Ҳавотоғ маҳаллаларидан келган жамоалар 8 та шарт бўйича ўзаро куч синашдилар.
Дастлаб туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Мамадазимов тадбирни очиб берар экан, эртамиз эгалари бўлган ёшларни мард, жасур ва ватан тақдирига даҳлдор этиб тарбиялаш ҳамда уларнинг билим ва иқтидорини юзага чиқаришда бу каби тадбирларнинг аҳамияти тўғрисида айтиб ўтди ва иштирокчиларга омадлар тилади.
Мусобақа аввалида ҳарбий қисм аскарлари ва ёш спортчилар томонидан кўргазмали чиқишлар ҳамда тадбир доирасида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмалари намойиш этилди.
Мусобақада жамоалар буюк саркардаларимиз тарихидан савол-жавоблар, АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, автоматдан ўқ отиш, "Street Workout" усулларини бажариш, эстафета югуриш, тош кўтариш, дартс мусобақаси ҳамда арқон тортиш шартлари асосида беллашдилар.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда спортчиларимиз ўзларининг бор куч ва маҳоратларини намоён этган ҳолда куч синашдилар.
Тадбир доирасида туман маданият маркази хонандалари томонидан ватанпарварликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилиб, барча ёшларга шижоат ва фахр ифтихор бағишлади.
Мусобақани бошқариб борган ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, Сармич маҳалласи жамоаси фаол натижаларга эришиб, мусобақа ғолибига айланди ва вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан махсус диплом, медаллар шодаси ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.