Бугунги осойишта кунлар учун ўз жонини тиккан қаҳрамонларимизни ёд этиш, номларини абадийлаштириш, уларнинг жасоратларини ёшлар онгига сингдириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Жўрахон Усмонов туғилиб ўсган маскан - Янгиобод туманининг Совот қишлоғида қаҳрамон хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда меҳнат фронти фахрийлари, авғон уруи қатнашчилари, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган туман ҳокими И.Қаршибоев Жўрахон Усмоновнинг кўрсатган жасорати хусусида тўхталди.
- "Совот қишлоғида туғилиб ўсган бу йигит айни навқирон ёшида фронтга отланади. Урушга кирган дастлабки кунларидаёқ у сафдошларига ўрнак бўла бошлади. Ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тадбиркорлик билан йўл топа оладиган Жўрахон Усмонов ҳаммани лол қолдириб, Сталинград учун бўлган жангларда мислсиз мардлик намунасини кўрсатиб, қўмондонлик томонидан Қизил Байроқ ордени билан мукофотланади".
Туман раҳбари сўзини давом эттирар экан, юртимизнинг мана шундай асл ватанпарвар, жасур фарзандлари ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимлигини айтиб ўтди. Шунингдек, Жўрахон Усмонов номини абадийлаштириш мақсадида унинг мазкур хотира мажмуасида олиб борилган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари хусусида гапириб, келгусида бу мажмуани “Хотира хиёбони”га айлантирилишини таъкидлади.
Шундан сўнг туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари томонидан Жўрахон Усмонов қабрига гулчамбар қўйилиб, Қуръон тиловати ўқилди.
Тадбирда сўз олганлар, бугунги тинч ва фаравон ҳаёт ўз-ўзидан бунёд этилмаганини, Ватан озодлиги йўлида жон берган аждодларимиз кўрсатган жасоратлари ёшларимиз учун ибрат мактаби эканини таъкидладилар.
Тадбир доирасида бир гуруҳ фаолларга ташаккурномалар ҳамда авғон уруши иштирокчиларига кўкрак нишонлари топширилди.
Янгиобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати