Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » 1 июндан қандай бюрократик тўсиқлар қисқартирилмоқда?

1 июндан қандай бюрократик тўсиқлар қисқартирилмоқда?

31 май 2021 йил
63
0

Президентнинг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан 2021 йил 1 июндан бошлаб қуйидагилар йўлга қўйилади:

  1. Фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;
  2. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади;
  3. Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
  4. Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;
  5. Давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган маблағлар Агентлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан регресс тартибида ундириб олинади;
  6. Давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.
  7. Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан:

а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди:

руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;

наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;

судланганлик;

манзил-маълумот ахбороти;

фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

турар жойнинг майдони;

солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;

пенсия ва нафақа миқдори;

пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;

б) қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди:

шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;

тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;

меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);

иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);

кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинди.

Ҳозирда ушбу маълумотлар ва электрон кўринишдаги ҳужжатларни тақдим этувчи вазирлик ва идораларнинг электрон базалари “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинди. Давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур ҳужжатларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиши лозим.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ўзида электрон дастури мавжуд бўлмаган давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари учун ушбу маълумот ва ҳужжатларни “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан сўраб олиш имконияти яратилди.

  1. 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари бериш уларни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш ҳамда фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади;
  2. Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган деб белгиланди. Эндиликда, давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.
  3. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор бўлди. Бунинг учун давлат статистика органларининг электрон тизимлари “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига интеграция қилинди. Эндиликда ФҲДЁ органлари томонидан маълумотлар реал вақт режимида статистика органларига юборилади ҳамда ушбу маълумотларга асосан статистика органларининг ҳисоботлари шакллантириб борилади;
  4. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни Давлат хизматлари агентлиги ва давлат хизматлари марказларидан сўраш тўхтатилди. Эндиликда мазкур ташкилотлар тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан мустақил равишда олади.

Ушбу хизматларнинг йўлга қўйилиши ва электронлаштирилиши натижасида йилиги ўртача 10-12 миллиондан ортиқ фуқаронинг овора бўлишини олди олинади ҳамда уларнинг 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалиши, ушбу маблағлар бевосита фуқароларнинг ўзида қолишига эришилади.

Ж.Абдухолиқов,
Янгиобод туман адлия бўлими ходими

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар