“Ҳавотоғ” ҚФЙ ҳудудидаги очиқ майдонда келиб чиққан ёнғин бартараф этилди
Шу йилнинг 25 май куни соат 12:05 да Жиззах вилояти Янгиобод туманининг Тожикистон билан чегарадош “Ҳавотоғ” ҚФЙ ҳудудидаги очиқ майдонда ёнғин бўлаётгани ҳақида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Ёнғинни бартараф этишда 3 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси, 32 нафар ҳарбий хизматчи ҳамда кўнгилли фуқаролар қатнашди. Биринчи бўлинма чақирилган манзилга соат 12:40 да етиб борган (энг яқин ёнғин-қутқарув қисмигача масофа 30 км).
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 12:58 да ўраб олинди ва 15:00 да тўлиқ бартараф этилди. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин оқибатида 15 гектар очиқ майдонда қуруқ ўт, шох-шабба ва дарахтлар ёнган. Ёнғиннинг тахминий сабаби – очиқ оловдан фойдаланишда эҳтиётсизлик.
Ҳозирда кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.